Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (2-қисм)

Шундай қилиб, азбаройи текширувчилар сабаб кампирга қаров зўр бўлди. Акс ҳолда, унинг ўлгани билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Баҳона эса тайёр: қариган чоғида болали бўлган; вужуди (организм) кўтаролмаган; бундай ёшда фарзандли бўлиш тақиқланади. Яна иккинчи томони, бу ноёб ҳодиса эди. Чунки етмишдан ошган аёл ҳар куни ҳам туғавермайди. Ўн, йигирма, эҳтимолки, эллик йилда бир бўлади. Балки, бўлмас ҳам. Шу боис бош врачнинг шахсий қизиқиши кучли бўлди. У чин дилдан кампирнинг яшаб кетишини истади. Кейин гапириб юради: «Фалон йили мен бош врач бўлганимда, битта кампир туққан эди. Туққанда ҳам унча-мунча эмас, нақ тасқарани дунёга келтирганди. Бола маймуннинг ўзгинаси. Агар маймун шундай бола туққанида, биров ажабланмасди. Лекин гап шундаки, у инсонлар оиласида туғилди. Яна қизиқ томони, чол билан кампирнинг бошқа болалари (улар нақ ўн тўртта) чиройли, рисоладагидай. Бироқ сўнггиси (агар сўнггиси бўлса)… Тахминимча, сўнггиси бўлса керак. Чунки бундан кейин чол билан кампир умуман бир-бирига яқинлашмаса керак. Хуллас, у тасқара». Айтганча, чол кампиридан шубҳаланяпти. Мана бунисиям гапирса арзигулик мавзу… Агар кампирнинг хиёнати аниқланиб қолса борми, бош врачнинг ўзи одамларга гапириб берадиганлари янада ажойиб бўлади… Яна бир қизиқ томони бор: ўшандай бадбашара, тасқара одам қаерда бор? Кампир ким билан хиёнат қилган? Туманда шундай бадбашара одам яшаши тўғрисида бош врач ҳеч қачон эшитмаган. Ёки бу кампир қурмағур ҳайвонот боғига бориб… у ердан қандайдир маймун қафасдан қочиб чиқиб, то тутиб олгунларича мана шу кампирни ушлаб олиб… Йўғ-э, буниси энди эртак бўлса керак. Аммо айтиб бўлмайди. Агар маймун узоқ муддат ўзининг «хоним»лари билан дон олишмаган бўлса-ю, чидаёлмай тўлиб турган бўлса… Хуллас, бу ёғи ҳаммаси жумбоқ. Яна генда ҳам бўлиши мумкин…

Яна бир ғалати томони бор. Бола ўта соғлом. Уни шахсан бош врачнинг ўзи текширувдан ўтказди.

Шундай қилиб, кампир ҳушига келди. Бу пайтда унинг чоли аллақачон маст бўлиб қолган, фарзандлари уни пинҳона уйларига олиб боришган, ҳатто хотинларига ҳам сездиришмаганди. Чунки оталарининг обрўси бу қишлоқда жуда баланд. У кимга бўлса танбеҳ беради. «Ўзингни йиғиштириб юр», дейди. «Ароқ ичма, ҳаммаёқдан фариштани қочирасан», дейди. Ундан кейин эр-хотинларнинг жанжалларига ҳам аралашади. Бир деганда тинчитиб ташлайди. Асосан, куёвларни айблайди. Эр зўравон бўлса: «Сенинг муштуминг бир куни уруғ-аймоғингнинг бошига етади. Хотин деган жониворга сал юмшоқроқ бўл-да, қисталоқ! Бир умр у сенинг ёнингда бўлади. Иссиқ-совуғингдан хабар олиб туради. Қани, битта ошна-оғайнинг дардингни олсин-чи! Олиб бўпти! Уларга куч-қувватингнинг борида кераксан. Бошқа пайт пайпоғигаям тенг қилишмайди сени», дейди. Эркак сал бўшанг бўлиб, оиладаги ролни хотинига бериб қўйган бўлса: «Сен одам бўлмадинг! Сен латтасан! Болаларинг ҳам латта бўлади. Эркакмисан, сал ўзингни қўлга ол! Нима, хотинингнинг олдида шунчалик ҳам муттаҳаммисан? Ҳали бу хотин жониворни ота-онангдан ҳам устун қилиб юборасан. Йиғиштир лаллайиб юришни!» дейди. Худди ана шу лаллайган эрнинг хотинини ҳам тузлайди. «Ҳой, эркакшода хотин, ўлишингни ўйла! Ўлганингда эринг бир оғиз «Норозиман!» деса, тамомсан! Жаҳаннамга бесабзи-пиёз кетасан», дейди… Бундан ташқари, кўринган болани ушлаб олиб: «Нимага намоз ўқимай юрибсан?! Ҳар куни беш маҳалдан намозни қолдирсанг, йиллар ўтиб қанча бўлиб кетишини биласанми?! Унинг ҳаққини қандай тўлайсан?» дейди… Ана шундай ўткир чолнинг ўзи бугун ғирт маст!..

— Актам! — деди катта ўғил Арслон отасини ётқизганларидан сўнг, унинг хотиржам ухлаётганини кўргач. — Ака-ука, опа-сингилларнинг ҳаммасини йиғиб кел, гаплашиб олмасак бўлмайди.

— Нимани гаплашамиз? — деб сўради гарчи акасидан бир ёшга кичик бўлса-да, ундан бир қарич баланд Актам.

— Энангни гаплашамиз, энангни! Отангга қўшиб гаплашамиз, отангга! «Бор!» дегандан кейин бормайсанми?! Ҳўкиздай гавданг бор, аёлларга ўхшаб минғирлайсан!

Актамнинг қони қайнади. Унинг ҳам учта боласи бор. Каттаси мактабда ўқийди. Рўзғори бошқа. Бу ёқда ака мана бундай катталик қилиб турибди. Жаҳли чиқмасинми? Чиқади. Аммо ҳозир тилини тишлашга мажбур: ҳақ талашадиган вақт эмас. Чунки отаси билан онаси қариган чоғларида мана бундай аҳволга тушиб ўтиришибди.

У пешонасига урди-да, тўғри катта опаси Гулбаҳорларникига кетди. Опа ҳали уйига етиб келмабди. Поччаси бор экан уйда. Узум сўрисининг тагидаги чорпояда оёғини кўтариб ётган экан. Актамнинг овозини эшитиб, ўрнидан туриб ўтирди. Кўзларини ишқалади. Ўтирган жойида:

— Кел, — деди.

Актам келди. Чорпояга чиқиб ўтирди.

— Почча, эллик-эллик қилмаймизми? — дея бурнини тортди.

— Ҳо-о, мулланинг боласининг оғзидан чиқяптими шу гап?! — деб кулди почча.

— Мулланинг боласи одаммасми?! — деди Актам қовоғини уйиб.

— Ҳа, энди айтдим-қўйдим-да! Бўлди, сен нима десанг — шу, қайним. Ростини айтганда, ўзимниям ичгим келиб турганди. Шерик йўқ эди. Иккинчи томондан, опанг минғир-минғир қилади. Сен бўлсанг, бир нарса деёлмайди. Ҳозир! — дея почча бўйнини чўзиб уй томонга қаради ва бақирди. — Самандар! Самандар!!!

Самандар эндигина уйга кирган эди. У кун бўйи беда ўрди. Тинкаси қуриб кетди. Энди уйга кириб ётган эди, бирдан дадасининг овози эшитилди. Унинг пешонаси, кейин афти буришди. Тишини тишига босиб, бўрилардай ириллади. Сўнг ётган жойида у ҳам бақирди:

— Ҳа-а!

— Кўрдингми жиянингни? — деди почча (айтганча, унинг оти Абдухалил эди). — Қилган иши тўртта беда ўргани. Энди у чарчаб кетган. Энди унга тегиниб бўлмайди. Бўлса-бўлмаса, ётган жойида жавоб берди. Шу, кирсанг-да, хуморингдан чиққунча орқасига камар билан урсанг!

— Почча, қўйинг шу гапни! Ўзи тентакдай бўлиб юрибман.

— Нимага?

— Эй-й! — деб қўлини силтади Актам.

— Биламан. Шунинг учун сўрамайман. Ундан кўра, анави бўйнинг узилгурни ўзим олиб келайин. Бўлмаса, ҳализамон опанг келиб қолади. Ана ундан кейин сениям, мениям ризқимиз қийилади.

Абдухалил чаққон ўрнидан турди-да, тўғри оғилхона томонга юрди. Актам ичида поччасининг устидан кулди: «Опам ўзиям юрагини олиб қўйган-да. Буни қаранг, ичкилигини оғилхонага яширади. Ҳойнаҳой, бир нималарни баҳона қилиб, шу ёққа бориб ичиб ҳам келса керак ҳўкизлар билан бирга…»

Актамнинг ўйлагани тўғри бўлиб чиқди. Поччаси оғилхонадан шиша билан қайтди. Сўнг дастурхонга иккита помидор қўйиб, уни тўртга бўлди.

— Эшитдим, — деди биринчи пиёладан кейин Абдухалил қайнисига.

— Нимани эшитдингиз?! — дея сўради бирдан пешонаси тиришган Актам.

— Укачали бўлибсан. Очиғини айтсам, сира кераги йўқ эди. Тўғри, ҳаммамиз ҳам эркакмиз. Лекин, қара, энди одамлар нима дейди? Ҳали кўчага чиққандим, иккитаси пичинг қилди: «Қайин муборак!» деб. Ўзи нима дейишгаям ҳайронман. Мен иккита қизимни эрга бердим. Учта набирам бор. Бу ёғи Самандарни уйлантираман деб турибман…

— Почча, ярамга туз сепманг. Ўзи бўларим бўлиб ўтирибман. Ундан кўра, манави сабил қолгурдан тўлдириб-тўлдириб қуйинг.

— Отанг билиб қолмайдими?

— Билмайди. Опам қачон келади?

— Ким билади, дейсан? Қўнғироқ қил. Уям сенга ўхшаб юргандир бир жойларда бангидевона бўлиб.

Актам яна тишини тишига босди. Қараса, поччасининг қуйиши чўзилиб кетяпти. Шартта шишани олиб, ўзига қуйди-да, ичиб юборди.

Улар айни шишани бўшатиб бўлганларида Гулбаҳор келди. Терлаб-пишган, қадди бироз букчайган, бошидаги рўмоли орқасига озроқ сирғалиб, оқ сочларини кўрсатиб қўйган эди.

У эри билан укасини ичиб ўтирган ҳолатда кўриши билан кўзлари олайди.

— Ҳа-а! — деди бор овозда.

Абдухалил ҳали хотинини кўрмаганди. Чўчиб тушиб, бирдан овоз келган томонга қаради. Юраги шув этди. Ана энди аниқ балога қолади.

— Поччангни-ку Худо урган, сенга нима бало бўлди, Актам?! Энди сенинг мана шу қилиғинг қолганди бўйнимизга юк бўлмаган! — дея чинқирди Гулбаҳор.

— Оббо! Опа, нима балолар деяпсиз?! Шу пайтгача менинг ичганимни кўрганмидингиз?! Бугун бўлмади-да, чидаёлмадим!

Актамнинг шу сўзларидан кейин бирдан Гулбаҳорнинг дами ичига тушди. «Ҳа, бугун ҳаммамизга қийин бўлди. Бугун ҳаммамиз гўрга бир кириб чиққандай бўлдик», дея кўнглидан ўтказди у ва бошини эгганча турган жойида йиғлай бошлади.

Абдухалил бир хотинига, бир қайнисига қаради.

— Менга қаранглар! Ҳа, энди шу ёшида болали бўлишибди-бўлишибди-да. Нима, шунга ота гўри қозихонами?! Неча кундан бери уйда мотам. Худо бераман деган, берибди. Аста-секин катта бўлади. Жуда қиёмат қилиб юбординглар! Сенлар, нима, осмондан тушганмисанлар? Сенларниям шу энам билан отам дунёга келтирган. Унга қарасам ҳам, ҳўнг-ҳўнг, бунга қарасам ҳам. Сенларнинг бу туришларингда менинг ичкилик ичишим тўйга боради. Тушундингми икковинг ҳам! Керак бўлса, ўзим бориб, қайнатамни табриклаб келаман. Керак бўлса, қайнанамни ўзим энг зўр машинада туғуруқхонадан олиб чиқаман!..

«Эй-й, почча, билмайсиз-да нима гап-сўзлар бўлганини», дея кўнглидан ўтказди Актам. Сўнг:

— Бўпти, мен кетдим. Акам ҳамма опа-сингилларни, ака-укаларни йиғ, деганди. Опа, уйга борасиз, акамнинг ўта муҳим гапи бор экан! Тамом! — деди.

Гулбаҳор бирдан бошини кўтарди.

— Қандай гап?! Нима қилмоқчи у?! — дея сўради ҳайрат билан.

— Мен ҳеч нимани билмайман. Билганларимнинг ҳаммасини уйга борганингиздан кейин ўзингиз билиб оласиз.

Актам чорпоядан сакраб тушди-да, шиддат билан юриб кетди. Гулбаҳор эса шоша-пиша эрининг ёнига келди.

— Дадаси, сизга бирор нима дедими?! — деб сўради қўрқув билан.

— Ҳеч нима айтмади. Ичайлик, деди. Сен ҳамма нарсага мени балогардон қиласан. Укангнинг ўзи оёқ тираб туриб олди. Бўлмаса, менинг ичмай қўйганимга, эҳҳе, қанча замонлар бўлиб кетди, — дея шу баҳонада ўзини оқлаб олди Абдухалил.

— Бўлмаса, дарров машинани юрғизинг, мени отамникига олиб боринг. Кўнглим бир нохушликни сезгандай бўляпти.

— Мен бормайман. Ичганман. Рулга ўтирмайман.

— Ҳа, ўзи мана шундай пайтда сизнинг қилиғингиз чиқади. Мана шундай пайтда ҳунарингизни кўрсатиб қоласиз! Бир марта айтганимда, тўқсонта баҳона топмасангиз, ўлиб қоласиз! Агар ўзингизникилардан биттаси сал бундайроқ гап айтиб қолса, ичганингиз ҳам эсингизга келмайди. Ўзи…

— Бўлди! Бўлди! Шу отангникига ҳозироқ олиб бораман!..

Нақ икки соат деганда ҳамма жам бўлди. Фақат ака-укалар, опа-сингиллар. Ана шунда катта ўғил Арслон даҳшатли гап айтди:

— Дўхтирлар билан келишиб, чақалоқни ўлдириб юборамиз!..

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: