Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (3-қисм)

Йиғилганлар ҳамма нарсани кутишганди, аммо Арслоннинг бундай дейиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.
— Нима дединг? — деди Хадича. У иккинчи қиз.
— Опа, бошқа иложимиз йўқ. Отам ғирт маст бўлиб ётибди. У киши энамдан шубҳаланган. Ҳозир-ку одамлар ҳазил-ҳузул қилиб гапиришяпти, лекин улар чақалоқнинг қандай кўринишда эканлигини билишса, отамнинг нима деганлигидан хабар топишса… Хабар топишадиям, чунки отам бир нарсани ушладими, тамом, узиб олмагунча қўймайди. Ягона йўлимиз — чақалоқни гумдон қилиш. Ана шунда ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит бўлади. Ўн тўртта боламиз. Ўн бешинчиси бўлмаса бўлмабди-да. Агар ҳаммаёқни тинчитсак, отам билан энам кейинчалик…
— Сен боланинг эсинг жойидами?! — деди Гулбаҳор. — Отамнинг қандайлигини билмайсанми?! У киши ҳеч қачон кечирмайди. Ўзи умрларининг охирида шу шармандалик етмай турганди. Отам нега маст бўлди?!
— Ичди. Бутун шишани бир ўзи ичди. Отамнинг ўрнида бўлганимда, ўн шиша ичган бўлардим! Шу гап. Мен бугундан қолдирмайман…
— Ака, — дея унинг гапини бўлди энг кичик қиз Гулчеҳра, — шошмай туринг, илтимос. Одам ўлдириш яхшимас. Одамни… тирик гўдакни…
У гапини давом эттиролмай йиғлай бошлади. Унинг турмушга чиққанига бор-йўғи олти ой бўлган, лекин эри билан икки ойгина бирга яшади. Шундан кейин у Россияга ишга кетди. Мана, тўрт ойдирки, эри билан фақат телефонда гаплашади. Ҳозир у ҳомиладор.
— У одаммас! Одам бўлганида, биз бундай йиғилишиб турмаган бўлардик. Манави Соҳиб — энг кичкина укамиз туғилганида ҳам бундай аҳволга тушмагандик. Уялгандик, «ҳа, энди битта етмишвой бўлди-бўлди-да», дегандик. Ҳозир ҳам бир бало қилиб чидаган бўлардик, лекин чақалоқ…
— Ака, сиз ўзингиз кўрдингизми? — деб сўради Гулчеҳра.
— Йўқ, кўрмадим. Эшитдим. Кўрмайман ҳам. Кўргулик ҳам қилмасин.
— Энам эшитса, қандай аҳволга тушади? — дея яна йиғлай бошлади Гулчеҳра.
— Сен ўчиб ўтир, катталар турганда сенга гапиришга бало борми?! Энамнинг ўзи бизни ўйладими?! А, ўйладими?! Ўзи ўйлаганми шу пайтгача? Потирлатиб ҳали Ҳасан-Ҳусан, ҳали Фотима-Зуҳра қилиб туғиб ташлайверди. Энди камига… Биласанларми, у нақ маймуннинг ўзгинаси экан, маймуннинг! Отамнинг уруғидаям, энамнинг уруғидаям унақа тасқара бўлмаган!.. Арслоннинг гапида жон борга ўхшайди, балки шундай қилсак, қулоғимиз тинчирмиди? — деди Гулбаҳор ҳаммага бир-бир қараб оларкан. — Лекин баринг оғзингга маҳкам бўласан. Айниқса, сен — Соҳиб. Яна бу ерда бўлган гапларни бир жойларга бориб гапириб юрма. Агар бировга айтганингни эшитиб қолсам, ўзим сени тўғраб ташлайман, тушундингми?!
Соҳиб ҳали ёш бола, энди иккинчи синфда ўқияпти. Демак, чол билан кампир орада саккиз йил болали бўлмаган. Балки, ўшанда: «Бўлди, тўхтатамиз», дейишгандир. Лекин, мана, кутилмаганда…
— Хўп, — деди Соҳиб бошини ирғаб.
— Опа, — деди энди Хадича, — барибир, жуда ёмон иш.
— Ҳеч ким билмайди, — деди унга Арслон, — чала туғилган, бало бўлган, баттар бўлган — сабаблар тиқилиб ётибди. Лекин айтиб қўяй, агар шу чақалоқ уйга келса, ана ундан кейин кўрасиз ҳақиқий машмашани. Ҳали отам ўзига келса, ким билади, нима балолар қилиб юборади. Ҳеч биримиз отамни тўхтатолмаймиз. Қўлимиздан ҳам келмайди.
— Отамни ичирасан, икки-уч кун уйдан чиқармай турсанг, балки фикри ўзгариб қолар. Агар бола нобуд бўлганини эшитса, озроқ шаштидан тушар. Майли, узоғи билан қолган умрини энам билан гаплашмасдан ўтказар, — дея укасини руҳлантирган бўлди Гулбаҳор.
— Мен қўшилмайман, — деб тескари ўгирилиб олди Фотима.
У қизларнинг орасида энг гўзали эди. Ўзиям йигитлар орасида роса талаш бўлган. Қишлоқнинг йигитлари унинг кўйида ҳатто бир-бирлари билан пичоқлашишгача боришган. У бой хонадонга эрка келин бўлди. Қишлоқда яшайди, лекин қўлини совуқ сувга урмайди. Айтишича, эри ҳаддан ортиқ севар эмиш.
— Сен қўшиласанми, қўшилмайсанми, ўзингнинг ишинг. Сендан сўрамаймиз ҳам. Индамай ўтирсанг бўлди! — деди унга Ҳасан.
— Аслида, ҳаммани бекорга чақирган эканман. Ўзим ими-жимида ҳал қилиб келсам бўларкан. Энди мен ҳамма гапни айтдим, тамом-вассалом. Эртадан қолдирмайман.
— Шошманг, ака, — деди энди Зуҳра, — бир-икки кун қараб турайлик. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Отам ўзига келсин. Ҳали отам билан бирортамиз ҳам гаплашмадик. Қуруқ беш-бегоналардан эшитганларимизни деб, шундай қилиб ўтирибмиз.
— Отам ўзига келса, бориб укамни ўлдириб келаман, дейманми?! — деди Арслон ҳазил билан.
— Ундай эмас, ака. Отамнинг гапларини эшитайлик, нима фикрдалигини билайлик. Ана ундан кейин нимагадир қўл урсангиз бўлади, — дея ақл бўлди Зуҳра.
Арслон чуқур хўрсинди.
— Бўпти, нима бўлгандаям эртагача қараймиз. Боя айтганимдай, шу ердаги гап шу ерда қолсин. Яна уйимизга етишга улгурмасимиздан, оёқ чиқариб, ҳаммаёққа тарқаб кетмасин. Билиб қўйинглар, битта менга, Арслонга ёки Ҳасанга, Актамга, Ҳусанга эмас, ҳаммамизга уради насоғи. Шундай экан, тилларингга маҳкам бўлинглар, — деди Гулбаҳор.
Аммо уйига борганидан сўнг, сал бўлмаса, ўзи эрига гуллаб қўяёзди. Тўлиб турганди-да. Кимгадир «ёрилиш»ни истаётганди-да. Аммо эрига айтди нима-ю, қишлоқнинг одамларини тўплаб айтди нима, мутлақо фарқи йўқ.
Файзулла бобо эртаси куни пешингача ётди. Аслида, анча аввал уйғонганди. Лекин ётаверди. Ўзидан ўзи нафратланиб ётаверди: «Сен одаммассан! Сенинг энди оддий махлуқдан фарқинг йўқ. Эй, ифлос, шу арзимаган гапни деб охиратингни куйдириб юбординг-а! Нимадан қўрқдинг? Анави тўртта сассиқ тенқурингнинг гаплариданми?! Нима бўлибди?! Маймун бўлмаса, чўчқа туғилмайдими? Шунинг учун сен молдай ичишинг керакмиди? Бир оёғинг гўрнинг ёнига бориб қолган пайтда-я! Ҳе, садқайи одам кет!.. Агар шу маст пайтингда Худо сенинг жонингни олганида нима қилардинг?! Ҳали ҳам олса, тўппа-тўғри жаҳаннамга кетасан. Қирқ кун, ҳа, худди шунча кун у танангдан чиқиб кетмайди. Сенинг шунча кун қилган тоат-ибодатинг ўтмайди… Ким гўримга кириб, менинг ўрнимга жавоб беради? Шу хотинми? Ёки болаларми? Шу қишлоқнинг одамларими?! Эй Худо, энди нима қиламан?!»
У бу ҳақоратларни бир неча марта такрорлади. Кейин ўғли Арслоннинг овозини эшитди, бироқ жавоб бермади. Кўзларини чирт юмиб ётаверди.
— Ота! Ота, яхшимисиз? — деб сўради Арслон хавотир билан.
— Яхши бўлсам, нима қиласан? — деди Файзулла бобо кўзини очиб, ётган жойида ўғлига еб қўйгудек тикиларкан.
— Ўзи, ҳалиги… Ҳол-аҳвол сўрагани келгандим, — деди Арслон довдираб.
— Кўрдингми, билдингми ҳолимни? Энди қорангни ўчир… Шошма, мени уйга ким олиб келди?
— Мен, Актам, Ҳусан, — деб жавоб қилди Арслон.
— Қандай билдинглар қаердалигимни?
— Кўриб қолдик.
— Яна ким кўрди?
— Ҳеч ким.
— Қандай ҳеч ким кўрмайди?
— Энди таниш-билиш йўқ эди-да.
— Ичаётганимни кўрдингларми?
— Кўрдик.
— Индамай қараб ўтиравердингларми?
— Энди…
— Нима энди? Ўласанми, кириб, «ичманг», десанг?!
— Билмадим.
— Билма. Ҳеч қачон ҳеч нимани билма! Сен онангни эмгурларни шунинг учун боқиб катта қилиб қўйибман. Ботқоққа ботиб бораётганимни кўриб ҳам индамай туришларинг учун. Ҳой, эшак, намозларим нима бўлди энди? Шунча қилган тоат-ибодатимнинг ҳаммаси сувга оқди-ку. Қорангни ўчир!!! Қорангни ўчир, ифлос! Қорангни ўчир!!!
Арслон уйдан отилиб чиқди. Кейин ер тепинди. «Менга нима, ўзингизни шарманда қилганингиз қолади. Шунча қилдим, ҳалиям ёрдамлашгани киргандим! Сиз бўлсангиз, мени сўкиб-сўкиб чиқариб юбордингиз! Одам ҳам шунақа бўладими?!»
Дарҳақиқат, у отаси билан маслаҳатлашгани кирганди: чақалоқ масаласида. Ётиғи билан секин гумдон қилишни тушунтирмоқчийди. Лекин отаси умуман бошқа томондан олди.
Кун асрга яқинлашган пайти чолнинг хаёлига бош врач билан келишган ваъдаси келди. Ўшанда қони қайнаганидан нима деса, деди. Анализ топширди. Эртаси куни яна кўришишга келишди. «Бормайман, — деди бирдан чол, — керак бўлса, ўзи келиб айтар. Айтмасаям гўрга! Энди менинг уйдан чиққулигим қолмади».
У шу кунни бир амаллаб ўтказди. Эртасига эрталабдан чўмилиб чиқди. Худодан минглаб марта кечирим сўради. Тавба қилди. Кейин гуноҳ устига гуноҳ орттириб олмайин деб, таксичилик қиладиган Зоир исмли ўғлини чақирди. «Мени марказга олиб бор», деди қовоғини уйиб. Зоир индамади. У отасини қаерга олиб боришни яхши биларди. Шу боис бориб машинасининг моторини ўт олдирди.
Чолнинг сира оёғи тортмади. Тишини тишига босиб, азбаройи ваъда бериб қўйгани учун борди. Ичини эса ит тирнар эди. «Агар бола сизники эмас, дейишса, нима қиламан?» дерди. Кеча ўт эди, олов эди. Унча-мунча жойни ёқиб юборишга қурби етарди. Бугун эса унинг бутун борлиғини гуноҳкорлик туйғуси эгаллаб олган.
— Тўхта, — деди у ўғлига, — орқага қайт. Уйга ҳайда. Бўлмади. Кейин…
Зоир отасини тушуниб-тушунмади. Лекин унинг сўзи — сўз. Агар сал қарши гапириб қўйса, сўкишларнинг тагида қолиб кетади. Шу боис индамай машинасини ортга бурди.
Чол уч кун уйидан чиқмади. Овқатини келинлари олиб кириб бера олишмайди. Қўрқишади. Шу боис ўғиллар келтириб беришади. Беришади-ю, чиқиб кетишади. Отасининг ёнида ўтиришга, у билан гаплашишга бирортасининг ҳам юраги дов бермайди. Илгарилари бундай эмасди. Энди оналари сабаб қўрқиб қолишди.
Тўртинчи кун у яна Зоирни чақирди. «Яна марказга борамиз», деди. Зоир дарров хўп деди. Унда бошқача жавобнинг ўзи йўқ эди.
Файзулла чолнинг ичида бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Оддийгина ғиштдан бўлган икки қаватли бино ҳозир унга турмахонадай кўринди. Агар ҳозир шу бинога кирса, уни тутиб олиб, қўлларини кишанлаб қамаб қўйишадигандай эди. Оёқларига қалтироқ кирди, аммо у чекинмади. «Пешонада борини кўрамиз. Мен нима қилдим? Айбим — ичганимми? Лекин ичганим учун Худодан бошқанинг олдида жавоб бермайман. Шундай экан, дадил юришим керак», деб ўйлади у.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.