Франция Ғазо секторидаги қочқинларни қабул қилиш дастурини вақтинча тўхтатди

Франция ҳукумати Ғазо секторидаги фаластинлик мигрантларни қабул қилиш дастурини вақтинча тўхтатди. Бу қарор фаластинлик талабанинг антисемитик қарашлари жамиятда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг қабул қилинди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Франциянинг Европа ишлари ва ташқи ишлар бўйича вазири Жан-Ноэль Барронинг айтишича, ҳозирча ҳеч қандай эвакуация ишлари олиб борилмаяпти.
“Биз тергов натижаларига мувофиқ тегишли хулосалар чиқармагунча, ҳеч қандай эвакуация бўлмайди. Илгарироқ келган фаластинликлар қўшимча текширувдан ўтказилади”, — деди вазир.
Унинг таъкидлашича, мамлакатга кирган талабанинг ижтимоий тармоқлардаги антисемитик чиқишлари ўз вақтида аниқланмагани афсусланарли ҳолатдир. Вазир бу талабанинг Франция ҳудудида бўлиши мумкин эмаслигини билдирди.
Франциянинг Le Monde газетаси маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан буён Франция Ғазо секторидаги тахминан 500 нафар инсонни эвакуация қилган. Улар орасида болалар, журналистлар, талабалар ва санъат намояндалари бўлган.
Антисемитик баёнотлари билан танилган 25 ёшли фаластинлик Нур А. – Лилль шаҳридаги Sciences Po олий ўқув юрти талабаси. У Франция визасини Қуддусдаги Франция консуллигидан олган. Бироқ унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари олдиндан текширилмаган. У ўз саҳифасида Адольф Гитлернинг суратларини жойлаб, яҳудийларга қарши очиқ чақириқлар қилган.
2023 йили Нур А. Франция Маданият вазирлиги томонидан “Франкофония” мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, Sciences Po Лилль институти директори уни ўз шахсий хонадонда қабул қилган.