Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (5-қисм)

Онасини кўмиб келишди. Аммо уни қабристонга олиб боришмади. «Сен кичкинасан», дейишди. Умуман, у ўзининг жиянлари, акаларининг ёнидан узоқлашмади. «Шарманда қиласан, одамларнинг ёнига борма», дейишди. У нега шарманда қилишини билади. Чунки бу гап камида юз марта айтилган. Бозорларга, дўконларга, истироҳат боғларига ўзи тенги, ўзидан катта жиянлари кетаётганларида: «Мен ҳам борай», деган. Лекин унга: «Сен бизни шарманда қилиб ўлдирасан», дейишган. Бироқ онаси ҳеч қачон шундай демаган. «Қўй, болам, бормай қўя қол. Менинг олдимда ўтирганинг маъқул. Сен кетиб қолсанг, мен зерикаман», деган.

Мана, ўша онаси бугун омонатини топширди. Уни қабристонга кўмгани олиб кетишди. Лекин у онасини сўнгги йўлга кузатиб боролмади…

Уйда хотин-халаж ва у қолди. Бир маҳал Ҳусан акасининг хотини келди.

— Сен чеккароқ бир жойда тур, ҳамма сени кўрсатиб куляпти. Яхшиси, оғилхонага кириб ўтир! — деди у жирканиб.

Иброҳимнинг кўзидан икки томчи ёш оқиб тушди, аммо унинг кўз ёшини Зубайда янгаси кўрмади. Чунки у дарров ортига бурилиб кетган эди.

Иброҳим зах ва қоронғи оғилхонага кирди. У ерда ўтган йилдан қолган бироз хашак бор. Шу хашакнинг устига чиқиб чўзилди. Сал ўтмай, шу ҳолида ухлаб қолди.

Кечгача у билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Суриштириши мумкин бўлган онаси бандаликни бажо келтирди. Отаси келиб кетувчилар билан овора: тенгқурлари билан суҳбатдан ортмай, кечгача ўтирди. Акалари эса… Улар аввал ишлари бўлмаган, бундан кейин ҳам қизиқмаса керак. Опалар… Улар ҳам ўзлари билан ўзлари овора. Янгалар… Уларнинг неча пуллик иши бор? Муҳими, ўзларининг болалари оч қолмаса, офтобда юрмаса бўлди… Ахир кун иссиқ. Ёз ойлари. Бунинг устига, қабристон йўлида бирорта ҳам дарахт йўқ. Тош йўл. Чанг-тўзон. Бунақа пайтда ёшлар тугул, катталар ҳам узлукиб қолишлари мумкин. Қолаверса, улар нонушта қилишмади. Шу боис қабристондан қайтганларидан сўнг, одамлар тарқалиши билан навбатма-навбат чақириб овқатлантиришди. Шунақа экан, уларнинг хаёлига Иброҳим қаёқдан келсин? Иброҳимнинг онаси ўлгани билан, отаси бор-ку, ўлмаган-ку!

Иброҳим ҳам кечгача чиқмади. Аввалига йиғлади, кейин ухлаб қолди. Уйғонгач, кўз ўнгида онасининг сиймоси гавдаланди. Яна йиғлади. Ахир онаизорини охирги марта оғзи очиқ ҳолда кўрди. Ўша маҳал у ўлган эди. Бундан чиқди, бошқа ҳеч қачон Иброҳим онасини кўролмайди. «Мени ҳамма ёмон кўради. Мен энди ҳеч кимнинг кўзига кўринолмайман. Энди нима қиламан?» дея кўнглидан ўтказди. Ана шу сабаб ташқарига чиқолмади. Чиқса, одамлар кўришади, устидан кулишади. Яқинларининг жаҳли чиқади. Унга дўқ-пўписа қилишади. Ҳеч ким унинг ёнини олмайди. Шундай экан, оғилхонада қимирламай ўтириши керак.

Кечга яқин жуда қийин бўлди. Чунки унга очлик азоб бера бошлади. Онаси борлигида у тенгқурларидан кўп овқат ерди. Чунки кўп ҳаракат қиларди. Бунинг устига, вужуди шиддат билан ўсиб бораётганди. Тез-тез овқат талаб қиларди. Овқатки, нон. Ҳеч ким унга бирор таом пишириб бермайди. Айниқса, онаси касал бўлиб ётиб қолганидан сўнг. Шундай экан, унинг асосий емиши нон… Ёз пайти яхши: томорқада помидор-бодринг бор. Шуларни нонга қўшиб ейди. Маза қилади. Бундан ташқари, ҳовлилари тўла мева-чева. Ҳозир ҳам ўрик ғарқ пишган. Ўзиям қишлоқдаги энг ширин ўрик. Яна ҳамманикидан олдин пишади. Буларнинг бирортасини ҳам Иброҳим билмайди. Ҳовлисидан ташқарига чиқолмайди у. Чиқса, ҳамма уни масхара қилади. Кейин яқинлари: «Сени деб биз кулгига қолдик», дейишади. Жиянлари уни бир-икки марта уришган. Чунки уларнинг ёши катта-да. Гарчи кучи етса ҳам, у жиянларига қўл кўтаролмаган ва ўзини урганликларини онасига келиб айтиб бермаган. Сабаби жиянлари: «Агар айтсанг, сени умуман ўзимизга қўшмаймиз. Биз билан бирга ўйнамайсан», дейишган… Хуллас, ўриги зўрлигини жиянлари айтишган…

Очлик қорин оғриғига ўтди. У тишини тишига босиб, ғужанак бўлиб ётиб олди. Бироқ очлик азоби тўхтамади. Қайтага, кучайгандай бўлди. Шунда у остидаги бадбўй хашакдан бир тутамини оғзига солди. Афти бужмайди. Панглаган таъмни туйди. Шунга қарамасдан, чайнайверди… Бироқ ютишга келганда, ютолмади, тупуриб ташлади. Лекин шуям қандайдир ёрдам берди. Очқагани ортга чекингандай бўлди. Аммо ачинарлиси шунда эдики, Иброҳимнинг оғзида шунақанги ёмон таъм ўтириб қолди. У эслади. Бундан тахминан ўн кунча олдин шу емишдан сигирларга берганди. Аммо сигирлар емаганди. Олдин ҳидлаб кўриб, сўнг тумшуқларини бурганди…

Таъзияга келганлар тарқаб, мотамсаро оила аъзолари ҳовлига тўпланишганида (бу пайтда қоронғи тушиб қолганди), Файзулла чол Иброҳимни эслаб қолди. У ўғлига: «Бугун мен билан ётасан», демоқчи эди. Атрофга аланглади, аммо кенжаси кўринмади.

— Иброҳим қаерда? — деб сўради ёнида турган Ҳусандан.

Ўғли елкасини қисди ва у ҳам нигоҳи билан укасини қидирди. Бирпасда «Иброҳим қани? Иброҳим қани?» деган ваҳима бошланиб кетди. Оғил уйнинг орқа томонида, яна уй билан унинг оралиғида олти сотихча ер бор. Ҳовли томондаги «изла-изла» овозлари у ёққа эшитилмайди. Шу боис Иброҳим ётишда давом этди.

Ниҳоят, Ҳусаннинг хотини Зубайда тилга кирди.

— Вой ўлмасам! — деди у эрининг ёнига келиб. — Таъзия пайти унинг оғилхонага кириб кетаётганини кўргандим.

Зубайда атайлабдан овозини баландлатиб гапирди. Токи мабодо Иброҳим ўзини бирор нима қилиб қўйган бўлса, эри ҳаммадан биринчи оғилхонага югурмасин. Биринчи бўлиб ўзини бир нима қилиб қўйган Иброҳимни кўрмасин. Ана ундан кейин анча вақтгача эсидан чиқаролмай қийналиб юрмасин, деган ўйда шундай деди. Унинг гапларини Фотима, Зуҳра, ҳамда Файзулла чол эшитди. Эшитганлари ҳамон ҳамма бирдан оғилхона томонга югурди.

Биринчи бўлиб Фотима етиб борди. Аслида, эркак киши тезроқ югуриши, тезроқ манзилга етиб бориши керакдай эди. Аммо ундай бўлмади. Аввал Фотима етиб борди. Чунки Ҳусан бир муддат хотинига тикилиб қолган эди.

— Иброҳи-и-и-м!!! — дея жони борича бақирди Фотима.

Иброҳим чўчиб тушди ва бирдан қўрқа-писа:

— Ҳа, — деб жавоб қайтарди.

— Ўл!!! — деди қўрқуви бирдан жаҳлга айланиб кетган Фотима. — Бу ерда … еб ўтирибсанми?!

Иброҳим худди гуноҳ иш қилиб қўйгандай ортига тисланди. Қочиш учун жой қидира бошлади. Оғилхона ичи аллақачон зим-зиё бўлган эди. Оғилнинг чироғи йўқ эди. Гарчи кун бўйи шу ерда ўтирган эса-да, гарчи кўзи қоронғиликка анча ўрганиб қолган бўлса-да, у ҳеч нимани кўрмасди.

Шу пайт Ҳусан етиб келди. Файзулла чол ҳам ҳаллослаб келиб қолди. Ҳусан дарров телефонининг чироғини ёқиб, укаси томонга қаратди. Иброҳимнинг кўзлари қамашиб, юзини бекитди.

— Болам, — деди Файзулла чол юмшоқ овозда, — бу ерда нима қилиб ўтирибсан?

Иброҳим жавоб беролмади. Қўрқди. Нимадан қўрқди — унинг ўзи ҳам билмайди. Ваҳоланки, у яқинларини ўйлаб… У ўйламади, аслида, янгаси Зубайда ўйлади, шунинг учун ҳам оғилхонага жўнатиб юборди. Лекин янгасининг айтганлари ҳеч нарса эмас, Иброҳимнинг ҳаммадан бекиниб ўтиргани эса жиноятдай эди.

— Кел бу ёққа, — дея ёнига чақирди Файзулла чол. У ўғлининг нега бу ерда ўтирганини тахминан биларди. Агар сўроқ-саволларини давом эттирса, Иброҳимни баттар эзиб қўйиши мумкин.

Иброҳим акасидан, опаларидан қўрқди. Гарчи ҳозир юмшоқ гапираётган эса-да, отасидан ҳам ҳайиқди.

Бироқ у қўрққан нарса бўлмади. Мурғаккина бошчасига «отам ҳозир мени уради», деган ўй келганди.

Файзулла чол боласининг бошини силади.

— Энасидан айрилган битта сен эмас, лекин энг кўп азобланаётган сенсан, биламан, болам. Юр уйга, — деди чол.

У Иброҳимнинг қўлидан ушлаб олди.

Ҳовлида эса ваҳима янада кучайиб кетган эди. Иброҳим оғилхонага кириб кетган экан, деган гап бирпасда ҳамманинг қулоғига етиб борган, барчанинг хаёлида бир-биридан даҳшатли ўйлар пайдо бўлган эди. Шу боис акалар, опалар уйнинг орқасига ўтишган, бировлари томорқанинг ўртасига етиб келган эди.

— Нима бўлибди? Нима гап?..

— Ҳеч нима, — деди уларга жавобан Файзулла чол.

— Пишириб қўйганмикан оғилхонада? — дея бақирди Гулбаҳор. — Ўзи шундоғам куйиб-ёниб ўтирган бўлсак!

— Ўчир! — деди унга отаси. — Ҳамманг уйга юр!

Иброҳимни ювинтириш Ҳасаннинг зиммасига тушганди. Аммо у ювинтирмади, Иброҳимнинг қўлига сув тўла чойнакни берди.

— Ўзинг ювиниб ол, — деди.

Укаси тўла ювиниб бўлмагунча узоқлашмай қараб турди. Яна ўргатди: «У ерингни юв, бу ерингни юв», деб.

Иброҳим отаси ўтирган уйга кирди. Дастурхон ёзилибди, нон қўйилибди, бир коса шўрва ҳам бор. Уларни кўриши билан Иброҳимнинг қорни ғулдиради.

— Ўтир, болам, кун бўйи ҳеч нарса емаган бўлсанг керак, — дея меҳрибонлик кўрсатди Файзулла чол.

Ҳа, у кампирига ваъда берганди. «Ўлгунимча бировга хафа қилдириб қўймайман», деганди. Аммо ҳозир ўша ваъдаси сабаб эмас, азбаройи меҳри жўшганидан боласига ғамхўрлик қилаётганди.

Иброҳим кўз очиб юмгунча бутун нон билан бир коса овқатни еб қўйди. Шунчалик шошиб едики, Файзулла чол ҳатто қўрқди: ўзини ўзи койиди. Таъзияга келганлар билан овора бўлиб қолибди. Улар билан бўлар-бўлмас гаплардан гаплашибди. Аслида, диндан, диёнатдан суҳбатлашишни истарди у. Аммо на тенгқурлари, на кичкиналар бу мавзудан сўз очди. Ҳаммаси дунёнинг ташвиши билан овора. У имомга: «Жаноза ҳам намоз. Шунинг учун келганларга айтинг, оёқ кийимларини ечишсин. Чунки оёқ кийимида қаерларга кириб чиқмаган дейсиз! Лекин бизнинг қишлоқда ҳамма оёқ кийимда жаноза намозини ўқийди. Бошқа қишлоқлардаям аҳвол шундай. Нотоза жойда ўқилган намоз ўтмайди, деб эшитганман. Икки дақиқа оёқ кийимларининг устида туришса, бир жойлари камайиб қолмайди», деди.

Имом унинг айтганини қилди. Одамлар жаноза намозини ўқиш учун саф тортиб туришганида, чол нима деган бўлса, ҳаммасини айтди. Ўзидан қўшиб, савоб, гуноҳларини тушунтириб айтди. Аммо шунга қарамасдан, узоғи ўн киши оёқ кийимини ечди. Шунда ҳам, асосан, чоллар. Қолганлар имом бизга гапирдими, деворга гапирдими, дегандай қаққайиб тураверишди…

Ҳамма маросимлар тугаб, одамлар қайтиб келганидан сўнг, тиловат қилиниб, халқ тарқагач:

— Мана, масжид йўқлигининг ёмонлиги, — деди Файзулла чол. — Шаҳарга қайси бир замон борганимда, пешин намозини ўқиш учун масжидга кирганман. Ўшанда маййит олиб келишганди. Намоздан кейин ҳамма жаноза ўқиди: оёқ яланг.

— Эй-й, — дея бошини сарак-сарак қилди имом, — гапирсак, гап кўп, ота. Майли, аммо-лекин яхши эслатма бериб қўйдингиз, энди қаерга жанозага борсам, одамларга айтавераман. Ажабмаски, биз ҳам гарчи ташқарида, далада жаноза ўқисак-да, одамлар оёқ кийимларини ечиб қўйса…

— Ота, — деди Иброҳим қорни тўйганидан кейин бошини эгиб.

— Нима дейсан?

Файзулла чол ўғли ҳар нарсадан, ҳаттоки баланд овозда гапирган одамдан ҳам қўрқишини яхши биларди. Шу боис мулойимроқ сўзлашга ҳаракат қилди.

— Энамга мен ваъда бергандим, — дея янада бошини эгди Иброҳим.

— Нимани?

— Энам… Энам… Мен энамга ўлмайсиз, десам ҳам, менга: «Агар ўлиб қолсам, қабримга ўз қўлинг билан тупроқ ташлагин», деганди. Лекин мен бундай қилолмадим…

Файзулла чолнинг кўксига биров мушт ургандай бўлди. У оғир ютинди. Нима деярини билмай қолди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: