Фарғонада ноқонуний ташкил этилган дорихона аниқланди

Ёзёвон туманида ноқонуний ташкил этилган дорихонадан 154,3 млн сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ёзёвон тумани бўлим томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда «D.X.” МЧЖ масъул шахслари дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана реализация қилиш учун лицензия олмасдан, «Ёзёвон” МФЙ ҳудудидаги бинода ноқонуний дорихона ташкил этиб, умумий баҳоси 154,3 млн сўмлик турли номдаги жами 24 723 дона дори воситаларини чакана тартибда сотиб келаётганликлари аниқланиб, дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ экспертиза хулосасига кўра, 4 турдаги дори воситалари тиббиёт амалиётида қўлланиши кўрсатилмаганлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.