НАТО Эстонияда иттифоқчилар корпусини жойлаштириши мумкин

НАТО Германия-Нидерландия иттифоқдош корпусини Эстониянинг Пярну шаҳрида жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда Эстония мудофаа вазирлигига таяниб, ERR телерадиокомпанияси хабар берди.
«НАТО Германия-Нидерландия иттифоқдош корпусини Эстония ҳудудига жойлаштиришга қарор қилиши мумкин – агар сценарий ижобий бўлса, Пярну шаҳри корпус базасига айланиши керак. Якуний қарор жорий йил ичида қабул қилиниши кутилмоқда», – дейилади хабарда.
ERR маълумотларига кўра, иттифоқчилар корпусини Эстонияда жойлаштириш 100-200 кишилик инфратузилмани, шу жумладан штаб бинолари, техник бинолар ва зарур коммуникацияларни яратишни назарда тутади. Қайд этилишича, Эстония Мудофаа вазирлиги корпус учун инфратузилмани қуриш учун 17 миллион евро ажратишни режалаштирган.
«Бу нафақат қўмондонлик функцияларини бажараётган иттифоқчиларимизга, балки эстониялик ҳарбий хизматчиларга, жумладан, чақирилувчиларга ҳам таъсир қилади. Бу Мудофаа кучлари учун стратегик аҳамиятга эга қадамдир», – дея мудофаа вазири Ханно Певкур сўзларидан иқтибос келтиради телекомпания.