Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (6-қисм)

— Қорнинг тўйдими? Яна олиб келиб беришсинми, ейсанми? — деди гапни чалғитиш учун.

— Йўқ, — жавоб берди Иброҳим.

— Эртага эрталаб бомдод намозидан кейин қабристонга борамиз. Шунда тупроқ ташлайсан, хўпми?

— Хўп.

Аммо тун ўтиши, тонг отиши жуда-жуда қийин бўлди. Иброҳим кун бўйи ухлаган эмасми, аввалига ухлаёлмай қийналди. Кўзини чирт юмиб ётди, лекин, қани, уйқуси келса! Отаси бир муддатдан кейин хуррак ота бошлади, бироқ у шифтга тикилганча ётаверди.

Қачон ухлаганини билмайди, аммо кўзини очганида, ҳалиям тонг отмабди. Отаси ҳамон хуррак отаётган экан. Аввалига у «энам билан бирга ётибман», деб ўйлади ва кўзини очиши билан бирдан ёнига ўгирилиб қаради. Яшин тезлигида: «Наҳотки энам ўлмаган бўлса! Наҳотки у мен билан бирга ётган бўлса! Кеча кўрганларимнинг ҳаммаси туш бўлса-я!» дея хаёлидан ўтказишга ва ҳатто хурсанд бўлишга ҳам улгурди. Аммо кўзи отасининг оппоқ соқолига тушиб, ўпкаси тўлди. Овоз чиқармай йиғлай бошлади. Орада бурнини тортиб қўйди. Ана шу қилиғи билан йиғлаётганини отасига сездириб қўйди. Демак, ота ҳам у билан олдинма-кейин уйғонган.

— Нега йиғлаяпсан, Иброҳим? — сўради Файзулла чол.

— Йиғламадим…

Аммо овози яна уни сотиб қўйди.

Чол индамади. Ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди. Анча вақт ҳаяллаб қолди. Чунки у шу кетишда таҳорат ҳам олган эди.

Келиб, икки ракаат намоз ўқиди. Деразадан ташқарига қаради. Кейин атайлаб овоз чиқариб: «Бомдодга озроқ бор экан», деди. Сўнг Иброҳимнинг ёнига ўтириб, бошини силади. Ўйлаб қараса, кенжасини ҳеч қачон бундай эркаламаган экан. Энди эса у ич-ичидан боласига далда кераклигини ҳис этяпти. Гўдак бечора онасидан бошқа ҳеч кимдан ғамхўрлик кўрмаган. Агар ҳозир ва бундан кейин унга яхши гапирмаса, ҳамсуҳбат бўлмаса, у умуман одамови бўлиб қолиши ҳеч гап эмас… Яна бир қизиқ томони шундаки, ўн беш фарзанддан фақатгина мана шу кичик, айни чоғда хунуккина, акалари ва опалари айтганларидай, маймунчагина бола онасини кўпроқ яхши кўрганга ўхшайди.

Файзулла чол Иброҳимга одамнинг дунёга келиши, ўсиб-улғайиши ва бир куни вақти-соати етиб ўлиши ҳақида гапириб берди. Иброҳим ҳаммасини тушунди. Аммо айни пайтда буни ҳазм қилишга қийналарди. Унинг назарида, онаси уни умуман ташлаб кетмаслиги керак эди. Мана, отаси уни бағрига олди. Яхши гапиряпти. Аммо барибир у онасини соғиняпти. Шунинг учун отаси ўлим ҳақида гапирганида, у йиғлади.

— Йиғлама, — деб унинг бошини силади ота ва намоз ўқиш учун ўрнидан турди.

Файзулла чол намоз ўқиб бўлганидан сўнг ўғлига таҳорат олишни ўргатди. Қабристонга таҳоратсиз кириб бўлмаслигини айтиб, бу амални мустақил бажаришга ундади.

Қабристон томон кетиб бораркан, Иброҳимнинг оёқ-қўли дағ-дағ титрарди. Қалтираётганини отасига билдирмасликка тиришарди у. Дарвоқе, улар фақат иккиси эмас эди. Файзулла чолнинг бошқа ўғиллари ва қизлари ҳам бор эди. Отаси уларга деярли минг марта тайинлаганди: «Боргандан кейин бақир-чақир қилманглар. Худога хуш келмайдиган ишлардан тийилинглар. Борасизлар, энангнинг гўрини кўрасизлар, кейин четга чиқасизлар. Шу ерда Қуръон тиловат қиламиз», деганди.

Аммо қабристонга етганларидан кейин Гулбаҳор билан Хадичанинг жағи очилди. Агар Файзулла чол уришиб бермаганида, шу ерда қиёмат қўпчирди. Иброҳимнинг қўлига эса бир сиқимгина тупроқ берди.

— Энангнинг қабри устига соч, — деди.

Иброҳимнинг ўпкаси тўлганди, унсиз йиғларди. Кўзидан дувиллаб ёш оқарди. У ўзини қабрнинг устига отмоқчи эди, бироқ отасидан қўрқди. Ахир у бир пўписа билан опаларининг унини ўчириб қўйди. Демак, ҳаддидан ошса, у ҳам ҳеч бўлмаганда ана шундай дакки эшитади…

Отаси қанчалик яхши бўлмасин, Иброҳим бошида барибир у билан эл бўлиб кетолмади. Отаси кун бўйи хонасидан деярли чиқмасди. Қачон қарасанг, жойнамоз устида ўтирарди. Бир куни Иброҳим ҳадди сиғиб: «Ота, нега бунча кўп намоз ўқийсиз?» деб сўради.

— Эй-й, болам, ёшликда кў-ўп намоз ўқимай юрган пайтларим бўлган. Энди ўша қарзни жойига қўйишим керак. Қарзимни ўзимдан бошқа ҳеч ким қутулолмайди. Ишқилиб, Аллоҳ жонимни тез олиб қўймасин. Қазоларимнинг ҳаммасини ўқиб тугатишга улгурайин, — дея жавоб қилди отаси.

— Мен ҳам ўқийман, — деди Иброҳим.

— Ўғлим, сенга озроқ бор. Лекин ҳозирдан ўргансанг, кейин осон бўлади. Айтганча, одам боласини нега парваришлаб катта қилади, биласанми?

— Йўқ, ота.

— Унинг қорнини тўйдириб, гавдасини каттартириб, бола-чақа қилиб олиши учун эмас, «Мендан кейин қолиб, ортимдан дуо қилсин», деган ниятда боқади, тарбиялайди. Аммо акаларингга, опаларингга қараяпман, ҳеч бири мен ўлганимдан кейин «Отамнинг билиб-билмай қилган гуноҳлари учун кечиргин», деб Худодан сўрайдиганга ўхшамайди. Қара, ҳаммаси ўзи билан ўзи овора: биттаси мол боқиши керак, иккинчиси кунини томорқада ўтказиши керак. Яна бири шаҳарга кетади, бошқаси сумкасини кўтариб, Россияга жўнайди. Барининг дарди битта: қорин. Бундай олиб қарасанг, молдан фарқи йўқ: ейди, ётади. «Намоз ўқинглар», деб минг марта тайинладим. «Ҳа, ҳа», дейди-да, бурилиб кетади. Ўлганимдан кейин шулар орқамдан дуо қиладими? Ёки энангнинг орқасидан дуо қиляптими?! Уфф, майли, болам… Мен энди сенга ёзиб ўргатолмайман. Айтиб тураман, ёд оласан, — деди Файзулла чол ўғлига.

Шу кундан эътиборан Иброҳим кечроқ ухлайдиган бўлди. Сабаби отаси унга сураларни билганича оғзаки айтар, Иброҳим унинг айтганларини ёд оларди. Зеҳн, хотира жуда кучли эди. Шу боис отаси бир марта айтганидаёқ ёд олиб қўярди. Эртасига кун бўйи такрорлаб юрарди.

Шунингдек, у ўта хушомадгўй бўлиб олди. Агар шундай қилса, бошига камроқ балолар келаркан. Акалари, янгалари ва ҳаттоки жиянларидан қандай буйруқ келса, у қулоқ қоқмай бажарарди. Унинг устидан кулишарди:

— Сен маймунча муштдай бошинг билан ёмон тулкисан. Лекин тулкиликларинг бизга ёқаяпти, — дейишарди.

Иброҳим уларга қўшилиб куларди. Акаларим хурсанд бўлишсин, деб оғзини каттароқ очиб куларди. Шунда акалар, агар кўриб турган бўлса, бошқалар ҳам қаҳ-қаҳ отиб юборишарди. Аммо Иброҳимнинг ўзи ичидан эзиларди…

Йўқ, у ҳали ўйга ботадиган ёшда эмас, аммо, барибир, камситилаётганини ҳис этарди. Алам қиларди, лекин қўлидан нима ҳам келарди? Югуриб бориб, отасига: «Акаларим мени масхара қилишди, янгаларимга қўшилиб роса кулишди», десинми? Шундай деб кўрсин-чи! Чунки Худонинг эртаси ҳам бор. Эртаси куни Иброҳим яна ҳовлига чиқиши ва мана шу акалари, янгалари билан дуч келиши бор. Қолаверса… Жиянлари билан озгина-озгина ўйнайди. Агар у отасига сотиб қўйса, шу эрмакдан ҳам мосуво бўлади. Жиянлари: «Кет, сен чақимчисан!» дейишади. Шундай экан, чидашга мажбур.

Мана, бугун уч сигирни у сайисхонадан бунисига олиб ўтди. Сигирларки, ҳар бири томдай келади: зотдор. Тоҳир акаси «Венгер сигирлар» деганини ўз қулоғи билан эшитган. Улар ювош, бироқ ҳаммага ҳам эмас. Иброҳимга бўйсунишади, қаёққа етакласа, шу ёққа кетаверади. Бироқ Тоҳир акасининг хотини Мафтунани сира ёқтиришмайди. У соғиш учун челак кўтариб борса, бирдан безовталанишга тушишади. Шундан кейин Мафтуна Иброҳимга: «Орқа оёқларини боғлаб бер», дейди… Энг қизиқ томони, Мафтунанинг Иброҳимдан ёши катта иккита ўғли бор. Бири иккинчи синфда, каттаси тўртинчида ўқийди. Аммо уларнинг бирортаси сайисхонага ҳам, оғилга ҳам яқинлашмайди. Томорқада сал-пал ишлашади. Қолган пайти кўчага чиқиб кетишади. Кейин келиб мақтанишади: «Фалончининг олмасидан олиб қочдик. Пистончининг эшагини миндик», деб. Кейин кимлар нима деганларини бир-бирига гапириб беришади. Айниқса, Фурқат жияни. Унинг футбол коптоги бор. Шунинг учун уни ҳамма, ҳатто қўшни болалар ҳам ҳурмат қилишади. Доим сўраб келишади. Кўча томондан болаларнинг футбол ўйнаётганлари, қий-чуви эшитилиб туради. Иброҳимнинг ҳаваси келади, аммо у боролмайди. Фурқатнинг айтишича, агар у борса, футбол бузилар эмиш. Болалар футболни қўйиб, у билан овора бўлиб қолишармиш… Хуллас, шу болалар сайисхонага яқин ҳам келишмасди… Нафақат улар, Зоир акасининг Мурод исмли ўғли ҳам тўртинчи синфда ўқийди. Уям булар билан битта уйда яшайди. Лекин у ҳам сигирларга қарагани келмайди…

Иброҳим янгасига сигирнинг орқа оёқларини боғлаб берди. Сигир индамай турди. Мафтуна сигирнинг тагига челакни қўйиб, энди унинг ёнига ўзи ҳам ўтирган эдики, сигир нима қилди, қандай қилди, тушунарсиз, аммо челакка қўшиб Мафтунани шунақа тепдики, бечора аёл учиб кетди ва бирдан чинқирганча войвойлаб қолди. Қаердандир дарров эри етиб келди. Аввалига Мафтунани турғизди, сўнг сигирни икки марта тепди. Бунга ҳам қаноат қилмай, йўғонлиги билакдай келадиган таёқни олиб, сон қисмига шунақанги урдики, сигир бечора осмонга сапчиди, кейин ерга ўтириб қолаёзди. Бу ёғи Тоҳирнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқяпти. Сигирнинг уруғ-аймоғидан бирортаси ҳам қолмади: ҳаммасини бирма-бир сўкиб чиқди.

— Қирғин келсин сенга! — дея бақирди Мафтуна Иброҳимга. — Сен ландавур нормальний боғлаганингда, теполмасди. Сен атайлабдан қўл учида боғлагансан! Сен ифлоснинг менда қасдинг бор!..

Мафтуна қарғашни бошлаганида, унинг икки ўғли етиб келган эди. Шунда Фурқат… Онасининг дард чекаётганидан йиғлаб юборай деб турган Фурқат асосий айбдорни билиши билан ортига бироз тисарилди-да, югуриб келиб Иброҳимнинг орқасидан тепди. Болакай унинг тепишини умуман кутмаганди. Аммо ўзини айбдор ҳис қиларди ва бу айби учун насибасини олишини ҳам биларди. Бироқ Фурқат унинг ортидан келиб тепишини сезмай қолди. Шу боис учиб кетди ва тўғри бориб, сигирнинг ахлатига юзи билан тушди… Фурқат фақат тепиш билан қаноатланмади. «Онангни!» деб сўкди. Бу сўкиш энди Тоҳирга ҳам тегиб кетди. Бориб ўғлининг бошига бир урди.

— Қўлинг синсин! — деб бирдан бақириб юборди хотини. — Муштдай болани урган қўлинг синсин!..

Онасидан далда овозини эшитган Фурқат шу заҳоти йиғлаб юборди. Уни кўрган укаси Толмас ҳам йиғлашга тушди. Юзига ахлат чапланган Иброҳим яна ўзини айбдор ҳис этди. У ўша йиқилганида ҳам кўзидан ёш чиқмаганди, бироқ энди йиғлади. Йиғлаш асносида ўрнидан турди… Унинг ахлатга ботган юзи аканинг баттар жаҳлини чиқарди!..

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: