Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (7-қисм)

Лекин ургиси келса-да, уролмади. Отаси келиб қолди. Сигирлар, одатда, шомга яқин соғилади. Худди шу пайт отанинг ҳам ҳовлига чиқадиган одати бор. Қишлоқнинг тоза ҳавосидан симиради. Осмонга, дарахтларга қарайди. Оқшомга тайёргарлик кўраётган чуғурчиқларни кузатади. Бир муддат қўлларини орқасига қилиб, ўтган ҳаёти тўғрисида хаёл суриб юради. Сўнг яна уйга кириб, шом намозини ўқийди.

Бу сафар чиққанида уйнинг орқа томонидаги бақир-чақирни эшитди. Камдан-кам содир бўладиган ноёб ҳодиса. Одатда, бақир-чақирнинг ҳаммаси ҳовли томонда бўларди. Келинлар болаларига бақиришарди: «Уйга кир, оёғингни юв, қайси гўрда юрибсан?..» ва ҳоказо. Энди эса уй орқасида…

У сайисхона томонга ўтганида, айнан Тоҳир ўзининг ўғлини шапалоқлаган, келин уни қарғаган ва Тоҳир Иброҳимни уриш учун хезланган пайт эди.

— Ҳа-а-а! Нима қилиб бир-бирингнинг гўштингни еяпсан?!

Тоҳир бирдан ортига бурилди. Тишини-тишига босди. Кейин айтди:

— Сигир Мафтунани тепибди!

— Шунга дунёни бузяпсанларми?! — дея ота яқинлаша бошлади.

— Манави қўлинг сингур сигирнинг оёқларини яхшилаб боғламаган экан!..

— Қайси қўлинг сингур? — деди чол юришдан тўхтаб.

— Манави!..

— Тўхта! — деди Файзулла чол ва қадамини тезлаштирди.

Етиб келди сайисхонага. Ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Нигоҳи кенжа ўғлига тушганида… Иброҳим шошарди. Ерда ётган эски, кир, йиртилган фартукни олиб, юзидаги мол гўнгини артиб ташлашга ҳаракат қиларди. Шу ҳолатини отаси кўришини истамасди.

— Ким дединг? — дея сўради Файзулла чол келинидан қайта.

— Манави! — дея жаҳл билан Иброҳимни кўрсатди Мафтуна.

— Ҳали томдай келадиган сигирнинг оёқларини боғлаш шу тўрт ёшли гўдакка қолдими?!

Шундай деган Файзулла чолнинг бутун вужуди титради. Тоҳирнинг боши эгилди.

— Сен ифлослардан сўраяпман! Гапир! — дея у Тоҳирнинг кўксига кўрсаткич бармоғи билан ниқтади. — Сен гўнг титиб ўтирганмидинг, мол! Келиб-келиб, тўрт ёшли гўдакка шу ишларни буюрасанми?!

— Мен буюрмадим, ўзи келиб қилган…

— Ўзи қилган?! Манави ҳўкиздай бўлиб қолган, ҳализамон бўйи бўйингга тенглашадиган боланг ўзидан-ўзи келиб қилмадими шу ишни?! А! Гапир! Эй, энангни ҳамманг…

Сичқоннинг ини минг танга бўлди. Келин болалари билан қочди. Файзулла чолнинг қаршисида биргина Тоҳир билан Иброҳим қолди.

— Бу ким сенга?! — деди Файзулла чол Иброҳимнинг билагидан тутиб Тоҳирга кўрсатаркан.

Тоҳир жавоб бермади, бошини эгиб тураверди.

— Ким деб сўраяпман, мол!..

— Укам, — дея жавоб қилди Тоҳир паст овозда.

— Ука сенга ҳайвонми?! Ука сен учун икки оёқли хор бўлган махлуқми?! Болаларинг жигаринг, бу жигарингмасми?! Болаларингга бир челак сув кўтариш мумкинмас, бунинг устига хоҳлаган нарсани ортаверишинг мумкинми?! Бу ўлиб қолса, сенга ҳеч нарса эмас, лекин болаларингдан бирортасининг бир жойи салгина лат еб қолса, қиёматми?!

— Бунга мен тегинганим йўқ, қайтага, Фурқатни урдим! — деб ўзини оқламоқчи бўлди Тоҳир.

— Бунинг турқини қара!.. Ҳовлида юрган олапарнинг ҳам тумшуғи бундай эмас! Бу сенга нима гуноҳ қилди?!

— Ота, айтяпман-ку, мен ҳеч нима қилмадим, деб. Аясини сигир тепганидан кейин жаҳл устида Фурқат буни тепиб юборибди… Мен Фурқатнинг ҳақини бердим.

— Аясини сигир тепган бўлса, Фурқат нега буни тепади?

Тоҳир тилини тишлаб қолди. У нима дейишга ҳам ҳайрон эди. Чунки яна гап айланиб бориб, муштдайгина гўдак сигирнинг оёғини боғлаганига тақалаётганди.

Файзулла чол сигирнинг оёғи боғланган ипни ердан олди ва тортиб кўрди: чириб қолган экан. У ипни бир неча бўлакларга бўлиб, Тоҳирга кўрсатди. Сўнг Иброҳимнинг қўлидан етаклади.

У кенжасини ўзи чўмилтирди. Ҳеч қачон бундай қилмаганди, бугун шу ишни қилди. Зоир кўрди. Ҳасан кўрди. Ҳар иккиси ҳам ўчоққа ўтин қалаб, сув иситаётган оталарини тўхтатишга уриниб кўришди. Лекин чол иккисини ҳам қувиб солди.

Ётганда эса боласини қучиб ётди. Бу ҳам биринчи марта. Қучганда йиғлади. Бу ҳам биринчи марта бўлди… «Ҳозир-ку, менинг кўзим очиқ. Тириклигимда бу шўринг қурғурни шунчалик хўрлашяпти, кўзим юмилганидан кейин нима қилишади? Меҳнатнинг тагида чиритиб, одамгарчиликдан чиқариб юборишмайдими?» деб ўйлади.

Эртасига ота-бола деярли бир вақтда уйғонди. Файзулла чол таҳорат олгани кетди. Иброҳим ўрнидан туриб ўтирди. Отаси қайтганидан сўнг: «Намозингизни ўқимай туринг», деди ва у ҳам таҳорат олишга чиқиб кетди. Бир марта отаси қандай таҳорат олишни кўрсатиб қўйганди. Хаёлида муҳрланиб қолган экан. Дарров ота қандай ўргатган бўлса, худди шундай қилиб покланиб қайтиб келди. Сўнг: «Мен ҳам ўқийман», деб айтди.

Ота хурсанд бўлди.

Иброҳим ҳам намоз ўқишни худди отасидай биларди. Бироқ чала эди. Сабаби, отаси сураларни кечроқ ёд олган. Ҳамма калимага ҳам унинг тили келишавермасди. Ўзи ҳам буни биларди. Ҳатто тўғрилаш учун қўшни қишлоқдаги Сайфулла эшоннинг ёнига бир неча марта борган. Аммо барибир ўрганолмаган. Кейин Сайфулла эшон: «Сизга шуниси ҳам бўлаверади. Фақат намоз ўқиётганингизда умуман бошқа нарсани ўйламанг», деган.

— Бугундан қолдирмаймиз, — деди намоздан кейин Файзулла чол ўғлига, — сени эшоннинг ёнига олиб бораман. Бир мулла қилиб берсин. Бир сени Қуръон ўқийдиган қилиб берсин. Акаларингдан умид йўқ. Энди зора ўлганимдан кейин сен менинг ортимдан дуо қилиб турсанг.

— Ота, ўламан, деманг, мен қўрқаман, — дея ялинди Иброҳим.

— Энди, болам, ҳар ким ўлади. Туғилдими, демак, пешонасида ўлим бор. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Шундай экан, одамнинг одамга суяниб қолиши тентаклик. Сен менга суянма, тўрт кунлигим борми-йўқми, ўзим ҳам билмайман. Сен Худога суян. У ҳар доим сенинг ёнингда бўлади. У сени мендан ҳам, энангдан ҳам кўпроқ яхши кўради. Мендан ҳам, энангдан ҳам яхши ҳимоя қилади. Нима хоҳласанг сўрайсан, беради. Тушундингми?

— Ҳа, — деб бошини қимирлатди Иброҳим.

Ота намоздан кейинги ибодатларга берилди. Ўғил унга сездирмай уйдан чиқиб кетди. Тўғри сайисхонага борди. Кеча роса калтак еган сигирнинг таёқ тушган жойларини қўлчаси билан силади.

— Хафа бўлма, энди урса, отамга айтиб бераман. Отамни тополмасам, Худога айтаман, — деди.

Сигир унинг сўзларини тушунаётгандай ўрнидан турди. Иброҳимга суйкалиб ҳам қўйди. Шунда Иброҳим унинг сутлари оқиб кетаётганини кўрди. Ўзиям елини роса тўлишиб, тирсиллаб кетибди.

— Ҳозир, ҳозир, — деди Иброҳим ва уй томонга югуриб кетди. Бориб, челак кўтариб келди. Дарҳақиқат, гарчи у тўрт ёш эса-да, қўллари худди саккизга кирган боланикидай чайир эди. Бемалол сигирни соға оларди.

Соғди. Тез соғди. Бирпасда пақир сутга тўлди. Иброҳим сутни уйга олиб борди. Кейин яна қайтиб келди… Одатини бажарди. Одати — сигирларнинг тагини тозалаш эди. Ишлатгани учун отаси Тоҳир акасини уришди. Бироқ Иброҳимнинг ўзига ҳам сигирларнинг тагини тозалаш ёқарди. Агар шундай қилса, сигирлар уни яхши кўриб қоладигандай, меҳр берадигандай туйиларди. Иброҳимга эса айнан шу нарса керак эди.

Кейин емиш берди сигирларга.

Қайтиб борса, отаси ҳовлида экан.

— Бекор қилдинг, — дея ўғлига енгилгина танбеҳ берди у.

— Ота, сути оқиб кетаётган экан.

Кеча Тоҳир хотинининг ортидан кирганидан кейин уйида жанжал бўлган, лекин ҳеч ким ташқарига чиқмаганди. Мафтуна қайнотасидан ўлгудай қўрқарди, аммо эрини бир тийинга олмасди. Эри келганидан кейин шишган пешонасини кўрсатди.

— Мана, қаранг, мен пешонамни шунақа ғурра қилиш учун сизга текканмидим? Салгина бўлсаям қайнотамдан ҳимоя қилолмадингиз. Кўрдик, сассиқ чол шу арзанда маймунчасини набираларидан ҳам кўп яхши кўришини. Ўлганнинг устига тепгандай, Фурқатни урдингиз-а!

— У укамга қўшиб мениям сўкди, тушундингми?!

— Укам?! Шу маймунчани укам деб юрибсизми? Бўлмаса, боринг сиз унинг ёнига. Ҳайвонот боғида битта қафас ясаб олиб, шу ерга кириб-чиқиб юринглар.

— Ўчир овозингни! Жириллама кўп!

— Ҳа, тўғри, сизнинг кучингиз фақат менга, менинг болаларимга етади. Сиз ҳаётда бизни ҳимоя қила олмайсиз. Битта уйда тўртта овсин турамиз. Эй-й, уялмайсизларми?! Бу нима кўргилик?! Отам бечора янаям сизга ўзининг мошинасини бериб қўйибди. Ер ҳам берди. Лекин битта уй қуришга кучингиз етмайди… Тўйиб кетдим ҳаммасидан…

Мафтуна юзини ёстиққа босиб йиғлади. Болалари унга қўшилиб йиғлашди. Тоҳир эса уйдан чиқиб кетди. Ҳовлида янгасини учратди. «Янга, эртага эрталаб сигирни ўзингиз соғинг. Биласиз, сигир Мафтунани тепиб юборди. Пешонаси шишиб чиққан», деди. Кейин қишлоқнинг нариги бошига кетди. Шу ёқда дўкон бор. Дўконда ичкилик бор. Унинг чўнтагида эса бир шишага етадиган пул бор…

Шундай қилиб, сигир соғиш Зубайдага қолди. Аммо у кўрдики, сигир соғилибди. Бироқ фақат биттаси соғилибди. «Ўлиб қолармиди, қолганини ҳам соғиб қўйса», дея кўнглидан ўтказди Зубайда.

У қолган сигирларни соғиб ўтирмади. Бузоқларни қўйиб юборди. Бузоқлар аллақачон сутдан чиқиб кетишганди. Лекин имконият туғилиб қолса, жон деб оналарини эмишга тайёр эдилар… Зубайда қайтиб келиб ўзига ўзи минғирлади, гарчи ҳеч ким эшитмаса ҳам: «Бузоқлар бўшалиб кетибди».

У кейин кўрди Иброҳимни.

— Эй-й, сен ухламаяпсанми? Жуда ақлли йигит бўлиб ўсаяпсан. Сен тенгиларни жойидан қимирлатиб бўлмайди. Менинг ўғлим Баҳодир сендан бир ёш катта, лекин уни ҳозир уйғотиб бўлмайди. Отанг нима қиляпти? — деди Зубайда ним табассум билан.

— Отам намозини ўқиб бўлиб, энди тасбеҳ ўгириб ўтирибди. Яна бир нарсаларни ўқияпти. Лекин нима ўқиётганини мен билмайман, — дея жавоб қайтарди.

Кечаги воқеалардан Зубайданинг хабари бор эди. Бироқ ҳаммасини ипидан игнасигача билишни истарди. Мафтуна бопланди-ку, энди билиши керак-да қандай бопланганини. Эсизгина, шундай бўлишини олдиндан билганида, бировга билдирмай телефонида тасвирга оларди. Кейин синглисига жўнатарди. Синглиси «Instagram»га қўйиб юборарди. Оригинал видео ўзиям роса одам йиғарди.

— Бу ёққа кел, — деб сут тўла челакни қўлига олди Зубайда.

Иброҳим бир-бир қадам босиб унинг ёнига келди.

— Кеча янгангни сигир қандай қилиб тепди?

Иброҳим жавоб беришдан олдин Тоҳир акасининг эшигига қаради. Уларнинг уйида чироқ ёнмаган, демакки, ҳали улар уйғонишмаган эди.

Иброҳим гапиришни истамади.

— Кел, мен сенга сутни қандай пиширишни ўргатиб қўяман. Келажакда, балки, ишинг тушиб қолса, қийналмайсан, — деб ўчоқнинг тагига ўтин ташлади Зубайда ва навбатдаги саволни берди. — Янганг соғаётганмиди?

— Йўқ, улгурмади, — деди Иброҳим ва бўлган воқеани бирма-бир гапириб берди. Ортидан сигирга ичи ачиганини ва бугун эрталаб уни силаб қўйганини, соққанини ҳам қўшиб қўйди.

Иброҳим гапираётганида, Зубайданинг қошлари чимирилиб турганди. Гапириб бўлганидан кейин:

— Сигирни силаб қўйиб, яхши қилибсан. Униям Худоси бор, — деб қўйди ва қайнай бошлаган сутни қўзғашга тушаркан, — мана мен нима қилаётган бўлсам, сен ҳам худди шундай қилиб тур, — дея қўшиб қўйди.

Шу куни тўрт ёшли болакай сут пиширишни ўрганди. Янгасининг ёнидан кетмаган эди, сузишни ҳам кўрсатиб қўйди. Буни отаси ҳам кўрди. Келини чўмични Иброҳимнинг қўлига бериб қўймаганини кўрганидан кейин кўнгли хотиржам бўлди. Ҳарна у ёқ-бу ёқдан гаплашса, бироз кўнгли ёришади. Аммо у Зубайда келин ғийбат учун «масаллиқ» йиғаётганини билмас эди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: