АҚШ омборларидаги тонналаб инсонпарварлик кўмаги йўқ қилинмоқда. Cабаб нима?

Президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) тугатилиши ортидан мамлакат ва хориждаги омборларда 60 минг тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмай қолиб кетди. Дунёдаги оч-наҳор аҳолига аталган инсонпарварлик кўмагининг бир қисми аллақачон истеъмол муддати ўтиб яроқсиз ҳолга келган. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси хабар берди.
Масалан, Жоржия штатидаги омборда 50 миллион долларлик ерёнғоқ пастаси сақланмоқда. Муддати ўтгани сабабли Судан каби очлик кенг ёйилган мамлакатлар болалари қорнини тўйдириш учун харид қилинган маҳсулотнинг бир қисми йўқ қилинди.
“Улкан миқдорда маҳсулот йиғилиб қолган. Барчаси учун шартнома тузилган. Маҳсулот учун пул тўлиқ тўланган. Аммо уларни олиб кетадиган одам йўқ”, – дейди “Mana Nutrition” компанияси вакили Дэвид Тодд Ҳармон.
Афғонистон ва Покистон болалари учун ҳозирланган, аммо муддати ўтган юқори калорияли 500 тонна печеньени ҳам ёқиб юборишга қарор қилинди. Бунча миқдордаги печенье билан бир ҳафта давомида 1,5 млн боланинг қорнини тўйғазиш мумкин.
“Бу маҳсулотлар америкалик солиқ тўловчилар томонидан омборларда сақлаш ёки ёқиб юбориш учун эмас, балки одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун сотиб олинган”, – дейди АҚШ демократик партияси вакили, сенатор Жинн Шейхин.
Жибути, ЖАР, БАА каби мамлакатлар ҳамда Ҳьюстон шаҳридаги омборларда ҳам 66 минг тоннага қадар озиқ-овқат ғамланган. Бу озиқ-овқатлар бир миллиондан зиёд аҳолини уч ой давомида боқиш учун етади.
АҚШ давлат департаменти муаммони ҳал этишга ваъда берган. Жумладан, БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурига Африка мамлакатлари ва Ҳаитига етказиш учун 12 минг тонна озиқ-овқат ажратилган. Аммо
экспертлар инсонпарварлик кўмагини етказиш бюрократик тартиблар сабаб чўзилишидан огоҳлантирмоқда.
USAID дунёдаги энг йирик кўмак жамғармаларидан бири бўлиб келган. Йиллик бюджети қарийб 40 млрд долларни ташкил қилувчи агентлик тизимида дунё бўйлаб 10 мингга яқин ходим фаолият юритган.
Трамп АҚШ президенти сифатида фаолиятга киришган илк кунлардаёқ чет мамлакатларга ёрдам дастурларини музлатишга фармон берди. Бу тақиқ ортидан USAID лойиҳалари ҳам тўхтаб қолди.
Агентликни “бир тўда ақлсиз радикаллар” идора этаётганини айтган Трамп раҳбариятни истеъфога чиқарган.
Давлат котиби Марко Рубио “миллиардлаб долларлар Вашингтон миллий манфаатларига мос келмайдиган мақсадларга сарфланган”ини айтган.
Шу тариқа Трамп маъмурияти жорий йил 1 июль куни USAID’ни бутунлай тугатди. Агентликнинг деярли барча ходимлари ишдан бўшатилди, асосий дастурлари ёпилди.
Халқаро гуманитар ташкилотлар USAID’нинг жаҳондаги кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган дастурлари ёпилганидан хавотир билдирмоқда.
Таҳлилларга қараганда, USAID’нинг ОИТСга қарши кураш лойиҳалари доирасида 25 миллион кишининг ҳаёти сақлаб қолинган, 5,5 миллион чақалоқ ушбу хасталиксиз дунёга келган. Айни пайтда дунё бўйлаб 20 миллион киши муолажа олмоқда. БМТ экспертлари агар Вашингтон ОИТСга қарши кураш дастурини молиялаштиришни тўхтатса, 2029 йилга бориб 6,3 миллион киши ушбу хасталикдан ўлишидан огоҳлантирган эди.