Ўзбекистон АҚШдан пахта сотиб олиш имкониятларини ўрганяпти

Жорий йил 23–29 июл кунлари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегациясининг АҚШга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг 25 та маҳаллий тўқимачилик корхонаси Texworld NYC, Apparel Sourcing USA ва Home Textiles Sourcing Expo халқаро кўргазмаларида қатнашди (Нью-Йорк шаҳри).
Кўргазмалар доирасида Bunzl plc, Levi Strauss & Co., PVH Corp., G-III Apparel Group, Kontoor Brands, American Eagle Outfitters, Tapestry Inc., Macy’s, American Apparel & Footwear Association (AAFA), United States Fashion Industry Association (USFIA), Oritain ва бошқа етакчи компаниялар билан музокаралар олиб борилди. Учрашувларда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларини АҚШ бозорига чиқариш ва соурcинг механизми асосида буюртмалар жойлаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида ИССВ вакиллари АҚШ Савдо вазирлиги (U.S. Department of Commerce) билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо тўсиқларини камайтириш ва инвестицияларни фаоллаштириш бўйича механизмни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбек маҳсулотларини, жумладан, тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Amazon, Walmart, Whole Foods Market, Bloomingdale’s ва The Home Depot каби йирик савдо тармоқларида жойлаштириш имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
АҚШ Савдо вазирлиги ҳузуридаги CLDP (Савдо ҳуқуқини ривожлантириш дастури) вакиллари билан бўлган музокаралар чоғида ўзбекистонлик компаниялар учун АҚШ стандартларига мос сертификатлаш ва қадоқлаш бўйича вебинар ва семинарлар ташкил этишга келишиб олинди. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) ва АҚШ Пахта Ассоциацияси билан учрашувда GSM-102 дастури доирасида Ўзбекистонга АҚШ пахтасини етказиб бериш, кредит лимитини ошириш ва «Made from U.S. Cotton» ташаббусини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги миллий маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.