Трамп АҚШ атом сувости кемалари бўйича яна бир баёнот берди

АҚШ президенти Доналд Трамп икки атом сувости кемаси аллақачон «маълум бир ҳудуд»да жойлаштирилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бундай қарор Россия сиёсий элитасидан чиққан таҳдидларга жавоб сифатида қабул қилинган.
Шу билан бирга, Трамп АҚШ қайси кемаларни ва қаерга жойлаштирганини ошкор этмади. Бу каби маълумотлар Пентагон томонидан махфий сақланиши урфга айланган. Аммо у шунчаки жойлаштириш эмас, балки «аниқ ҳудудлар» ҳақида гап кетганини қайд этди.
Бу баёнотга Трампнинг 1 августдаги буйруғи асос бўлган. Ўшанда у Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев томонидан айтилган «оммавий ядровий зарба» ҳақидаги сўзларни «аҳмоқона ва хатарли» деб баҳолаб, АҚШнинг ядровий флотини ҳаракатга келтиришни буюрган эди.
Шунингдек, Трамп матбуот анжуманида Украинадаги урушга ҳам тўхталиб ўтди. У бу урушни «маъносиз» деб атади ва АҚШ буни тўхтатишга қодир эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Вашингтон аввал ҳам Ҳиндистон ва Покистон, шунингдек бошқа давлатлар ўртасидаги можароларни тўхтатган ва бу гал ҳам урушни тугатиш имкони бор.
Шу билан бирга, у урушни қандай тўхтатишини ёки бу жараён қайси механизмлар орқали амалга оширилишини очиқламади.