Нетаньяху Трамп ва Путин ўртасида воситачилик қилмоқда

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги келишмовчиликни юмшатиш мақсадида воситачилик ролини ўтамоқда. Бу ҳақда Times of Israel нашрига таяниб Report хабар берди.
Маълумотларга кўра, Нетаньяху ва Путин ўртасидаги айрим телефон суҳбатлари оммага маълум бўлган, аммо бошқа алоқалар махфий сақланмоқда.
Бу маълумотлар Трампнинг Россия собиқ президенти Дмитрий Медведевнинг шов-шувли баёнотларига жавобан АҚШнинг икки та атом сувости кемасини «мувофиқ ҳудудларга» йўналтириш буйруғини берганидан сўнг пайдо бўлди.
Шунингдек, Трамп Россия билан Украина ўртасидаги оташкесим бўйича музокаралар ўтказиш учун ўзининг махсус вакили Стив Уиткоффни Москвага юборишини айтган. Агар музокараларда илгарилаш бўлмаса, янги иқтисодий санкциялар киритилиши билан таҳдид қилган.
Трамп аввалроқ музокаралар учун 50 кунлик муддат берган эди, аммо яқинда уни 10 кунга қисқартирди. Бу муддат жорий жума куни тугайди.