Сериалдан илҳомланган икки ўқитувчи яширин нарколаборатория очишди

Американинг «Эгрилик сари» сериалидан илҳомланган ҳиндистонлик икки ўқитувчи яширин нарколаборатория очишди.
35 ёшли репетитор (физик) ва 25 ёшли кимё ўқитувчиси (баъзи маълумотларга кўра, иккиси ҳам химик) бир квартирани ижарага олиб, уни нарколабораторияга айлантиришади ва меф (мефедрон) тайёрлашни йўлга қўйишади.
Икки ойдаёқ «фойдага чиқишди»: 150 килограммгача синтетик наркотик тайёрлашгани айтилмоқда. Сотилган наркотикнинг қиймати 220 минг доллар атрофида баҳоланган.
Тергов пайти улар «Эгрилик сари» сериалидан илҳомланишгани, қарзларидан қутулиш учун шу ишга қўл уришганига иқрор бўлишди.
Болливуд Голливуддан ўғирламаса ҳам бўлади — тайёр сценарий ўзларидан чиқди.
Маълумот учун: «Эгрилик сари» («Breaking Bad») — АҚШда суратга олинган телевизион сериал. Унда Албукерке шаҳрида яшовчи, ўпка саратонига чалинган ва моддий қийинчиликда қолган кимё ўқитувчиси Уолтер Вайт (Брайан Крэнстон) билан содир бўлган воқеалар ҳикоя қилинади. У ўлимидан олдин оиласининг молиявий келажагини таъминлаш мақсадида собиқ ўқувчиси Жесси Пинкман (Аарон Пол) билан бирга метамфетамин тайёрлаш ва сотишни бошлаб, жиноий йўлга қадам қўяди.