Яман гипертовушли “Falastin-2” ракетаси билан Исроилнинг Бен-Гурион аэропортини урди

Яман Қуролли Кучлари Исроилнинг Бен-Гурион халқаро аэропортига гипертовушли “Falastin-2” баллистик ракета билан зарба берганини маълум қилди. Ҳужум оқибатида парвозлар тўхтатилди, аҳоли орасида оммавий саросима юзага келди.
Бу ҳақда Al-Masirah телеканали хабар берди. Яман Қуролли Кучлари расмий вакили Яҳё Сареъ баёнот беришича, Исроилнинг Яффода жойлашган Лод (Бен-Гурион) аэропорти “Falastin-2” гипертовушли ракета билан нишонга олинган.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум муваффақиятли бўлиб, миллионлаб аҳоли паноҳгоҳларга югуришга мажбур бўлган, аэропортдаги парвоз фаолияти тўхтатилган.
Сареъ таъкидлашича, ушбу операция Фаластин халқига нисбатан адолатсизликка қарши, Ғазо қамалини ва Ал-Ақсо масжидига қилинган тажовузларни жазолаш мақсадида амалга оширилган.