Ганада ҳарбий вертолёт қулаши оқибатида мамлакат мудофаа вазири ҳалок бўлди

Ганада ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраши натижасида мамлакат мудофаа вазири Эдвард Оман Боама вафот этди. Бу ҳақда Pulse Ghana портали бош штаб бошлиғи Жулиус Дебранинг маълумотларига асосланиб хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, вертолёт бортида жами 8 киши бўлган: 3 нафар экипаж аъзоси ва 5 нафар йўловчи
Вертолёт бортида Боамадан ташқари атроф-муҳит, фан, технологиялар ва инновациялар вазири Иброҳим Муртала Муҳаммад, собиқ озиқ-овқат вазири Самуэл Сарпонг, собиқ депутатликка номзод Самуэл Абоаге, миллий хавфсизлик бўйича мувофиқлаштирувчи ўринбосари Алҳожи Муниру Муҳаммад ва уч нафар экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг бирортаси ҳам омон қолмади.
Ҳалокат Ашанти минтақасида юз берди. З-9 вертолёти фойдали қазилмаларни қазиб олишга бағишланган анжуманга йўл олган эди, бироқ маълум бир пайтда радарлардан ғойиб бўлди. Авиаҳалокатнинг сабаби аниқланмоқда.
Гана президенти Жон Драмани Маҳама ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор этди.