Пекинда кучли ёмғир: 82 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди

Душанба куни соат 21:00 ҳолатига кўра, Пекин шаҳрининг турли туманларидан 82 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Бу ҳақда шаҳардаги сув тошқини назорати штаб-квартираси маълум қилди, дей хабар беради Синьхуа.
Расмийлар 201 сайёҳлик ҳудуди, 3480 меҳмонхона ва 245 кемпингни вақтинча ёпишга қарор қилди. Бундан ташқари, шаҳар бўйлаб 3200 дан ортиқ қурилиш объектлари фаолияти тўхтатилган.
Душанба куни тушдан кейин Пекин метеорология хизмати кучли ёмғир ҳақида огоҳлантиришнинг энг юқори даражасини, «қизил» даражасини эълон қилди. Бу – Хитойнинг тўрт даражали огоҳлантириш тизимининг энг юқорисидир. Синоптикларнинг прогнозларига кўра, Пекиннинг барча ҳудудларида 4 август куни тушдан 5 август эрталабгача кучли ёғингарчилик кузатилади.
Шаҳарда сув тошқинларига қарши энг юқори даражадаги фавқулодда чоралар кўрилди.
Бундан ташқари, Пекин метеорология хизмати ва сув ресурслари бошқармаси биргаликда сув тошқини ҳақида огоҳлантирган. Энг заиф ҳудуд сифатида Миюнь тумани қайд этилган, Фаншань, Мэньтоугоу ва Хуайжоу туманлари ҳам хавфли зонада.
Аҳолига момақалдироқ пайтида хавфсиз жойларда паноҳ топиш, сув босган йўллардан, тоғли ва дарё бўйидаги ҳудудлардан қочиш ҳақида огоҳлантирилди.
Ўтган ҳафта Пекинда кучли ёмғирлар туфайли 44 киши ҳалок бўлди. Табиий офатдан 300 мингдан ортиқ киши жабр кўрган, 24 мингга яқин турар-жой биноси зарар кўрган.
Душанба куни Хитой Халқ Республикасининг Сув тошқинлари ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича давлат штаб-квартираси Пекинда, марказий Тяньцзинь шаҳри, Хэбэй ва Гуандун провинцияларида сув тошқини оқибатларини бартараф этиш даражасини учинчи даражага кўтарди (бу Хитойнинг тўрт даражали миллий тизимидаги учинчи жиддийлик даражаси).
Хабар қилинганидек, ҳозирда Пекин, Хэбэй ва Гуандун провинцияларида сув тошқинининг олдини олиш тадбирларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича махсус ишчи гуруҳлар ишлаяпти.