Трамп Путин билан учрашув санасини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашуви 15 август, келаси жума куни Аляскада ўтиши ҳақида маълум қилди.
«Учрашувнинг батафсил тафсилотлари кейинроқ эълон қилинади», — дея изоҳ қолдирди АҚШ етакчиси Truth Social саҳифасида.
Шунингдек, бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам маълум қилди.
Қизиғи, Владимир Путин Аляскага борган илк Россия раҳбари бўлади.
Ушаковнинг айтишича, икки давлат раҳбарлари саммити айнан Аляскада ўтказилиши мантиқан тўғри, чунки Россия ва АҚШ қўшни ва чегарадош давлатлар.
Учрашувда Украина инқирозини узоқ муддатли тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек Аляска ва Арктикадаги ўзаро иқтисодий лойиҳалар муҳокама қилинади.
Кейинчалик Трампнинг Россияга ташрифи ҳам истисно қилинмайди. Таклиф аллақачон юборилган.