Microsoft Исроилга фаластинликлар устидан кузатув олиб боришда ёрдам бермоқда

Microsoft Исроилга фаластинликлар устидан кузатув олиб боришда ёрдам бермоқда

Microsoft компанияси ўзининг Azure булут платформасининг мослаштирилган версиясини Исроил ҳарбий разведкасининг 8200-қисми учун ишлаб чиқди. Бу тизим фаластинликлар устидан олиб борилган кузатув маълумотларидан иборат катта архивни, жумладан миллионлаб телефон қўнғироқларини сақлаш учун фойдаланилмоқда.

The Guardian, фаластин-исроил нашри +972 Magazine ва яҳудий тилидаги Local Call нашри томонидан олиб борилган қўшма журналистик текширув натижасида аниқланишича, мазкур булут тизими 2022 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда ва 8200-қисмга ҳар куни катта миқдордаги телефон қўнғироқларини узоқ муддатга сақлаш имконини бермоқда.

Маълум қилинишича, ушбу маълумотлар Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда авиаҳужумлар ҳамда ҳарбий операцияларни мувофиқлаштиришда қўлланилган.

Microsoft баёнотига кўра, бош директор Сатья Наделла 8200-қисм Azure’да сақламоқчи бўлган маълумотларнинг хусусиятидан бехабар бўлган. Бироқ ички ҳужжатларнинг ошкор бўлиши ва Microsoft ҳамда Исроил ҳарбий разведкасининг 11 та манбаси билан олиб борилган интервьюлар Azure платформаси 8200-қисмга фаластинликларнинг кундалик мулоқотларини ёзиб олиш ва сақлашда қандай ёрдам берганини кўрсатмоқда.

Microsoft расман бу каби суиистеъмолларни рад этган бўлса-да, мавжуд маълумотлар компания ушбу кузатувнинг кўлами ва мақсадидан хабардор бўлганини кўрсатмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: