Йирик миқдордаги контрабанда товарларни яширишга уриниш ҳолатига чек қўйилди

Йирик миқдордаги контрабанда товарларни яширишга уриниш ҳолатига чек қўйилди

Вагон музлаткичларида яширилган контрабанда товарлар божхона ходимлари томонидан фош этилди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан олинган оператив маълумот асосида, “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан йирик миқдордаги контрабанда товарларни яширишга уриниш ҳолатига чек қўйилди.

“Москва–Тошкент” йўналишида ҳаракатланган йўловчи поездининг вагон-ресторани божхона кўригидан ўтказилди. Текширув постнинг катта инспектори ҳамда махсус тайёргарликка эга инспектор-кинолог иштирокида амалга оширилди. Хизмат ити ёрдамида ўтказилган пухта кўрик чоғида, ресторан ошхонасидаги музлаткичнинг пастки қисмида ҳамда ресторан залидаги яна бир музлаткичнинг орқа деворида яширилган товарлар аниқланди.

Божхона назоратидан яширишга уринилган маҳсулотлар қуйидагилардан иборат бўлди:

390 дона “Equardo” номли электрон сигареталар;

480 дона “Velo Freezing Peppermint” (14 гр.) номли тамаки маҳсулоти (силверс);

900 дона “Velo Freeze” (2 гр.) номли тамаки маҳсулоти (силверс);

29 дона “Жигулевское” (0,45 л) ҳажмдаги пиво.

Олиб борилган дастлабки суриштирув натижаларига кўра, мазкур ноқонуний товарлар поезд вагон-ресторани менеджерига тегишли бўлиб, айнан у ушбу контрабанда маҳсулотларини божхона органларидан яширишга уринган қонунбузар сифатида аниқланган. Товарларнинг умумий тахминий божхона қиймати 600 миллион сўмни ташкил этади.

Божхона ходимлари тезкор ва профессионал ҳаракатлари орқали қонунбузарликнинг олдини олишга эришди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси таъкидлайдики, хизмат мавқеидан фойдаланиб ноқонуний йўл билан товар олиб ўтишга уринган шахслар қатъий жавобгарликка тортилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: