ChatGPT тавсияси эркакни оғир заҳарланиш ва психозга олиб келди

Вашингтон университети шифокорлари илк бор сунъий интеллект тавсиялари туфайли инсоннинг заҳарланиш ҳолатини қайд этишди.
Маълумотларга кўра, бемор уч ой давомида ЧатГПТнинг парҳез бўйича тавсияларига амал қилган. У ош тузига муқобил сифатида мунтазам равишда бромидни истеъмол қила бошлаган. Натижада, унда бромизм ривожланди, бу эса оғир психозга олиб келди. Узоқ муддатли даволанишдан кейин аҳвол барқарорлашди ва бемор тузалиб кетди.
Аввалига эркак қўшниси томонидан заҳарланган деб гумон қилиниб, касалхонага ётқизилганди. Шифокорлар қўзғалувчанликни, параноид фикрларни, галлюцинацияларни ва ҳатто жуда чанқаганда ҳам сув ичишдан бош тортишни аниқлашди. Кейинчалик семптомлар ўткир психотик эпизодга айланди ва бемор психиатрия бўлимига мажбурий изоляцияга ётқизилди.
Интенсив даволанишдан сўнг, эркак заҳарланиш унинг овқатланиши тартиби билан боғлиқлигини тушунтира олди. Эркакнинг сўзларига кўра, натрий хлорид истеъмоли соғлиқ учун хавфли бўлганлиги сабабли у ЧатГПТдан хавфсизроқ вариант тавсия қилишини сўраган.
Нейрон тармоқ эса фойдаланувчига натрий бромиддан фойдаланиш мумкинлигига ишора қилган. Эркак моддага интернет орқали буюртма берган ва уни мунтазам равишда ишлатган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, одатда бундай тавсиялар овқатланиш учун эмас, балки техник ёки маиший жараёнларга тегишли бўлади. ЧатГПТ эса бемор нима учун бромидга қизиқиш билдирганини билмаган ва унинг токциклиги ҳақида огоҳлантирмаган.