Озарбойжон ТИВ Боку ва Ереван ўртасидаги тинчлик келишувининг тўлиқ матнини эълон қилди

Озарбойжон ТИВ Боку ва Ереван ўртасидаги тинчлик келишувининг тўлиқ матнини эълон қилди

Мазкур ҳужжат Вашингтондаги учрашувда имзоланган бўлиб, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик келишуви қуйидаги бандлардан иборат:

◾️ Чегараларни тан олиш — томонлар бир-бирининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, чегараларнинг дахлсизлигини ва сиёсий мустақиллигини тан олади ва ҳурмат қилади (собиқ СССР иттифоқдош республикалари чегаралари халқаро чегаралар деб ҳисобланади);

◾️ Ҳудудий даъволардан воз кечиш — томонлар ҳозирда ва келажакда бир-бирига ҳудудий талаблар қўймайди ва бошқа томоннинг яхлитлиги ёки сиёсий бирлигини бузувчи ҳаракатларни қўллаб-қувватламайди;

◾️ Куч ишлатмаслик — томонлар бир-бирига қарши куч ишлатмайди ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмайди, шунингдек, учинчи томонларга ўз ҳудудидан тажовуз учун фойдаланишга рухсат бермайди;

◾️ Ички ишларга аралашмаслик — икки давлат бир-бирининг сиёсати ва ички ишларига аралашмаслик мажбуриятини олади;

◾️ Дипломатик алоқалар — келишув ратификация қилингандан кейин белгиланган муддат ичида 1961 ва 1963 йиллардаги Вена конвенцяларига мувофиқ дипломатик муносабатлар ўрнатилади;

◾️ Чегараларни белгилаш — чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар учун махсус комиссия тузилади;

◾️ Чегарада қўшинлар бўлмаслиги — демаркация жараёни якунлангунига қадар чегарада учинчи кучлар жойлаштирилмайди, ишонч ва хавфсизлик чораларини амалга ошириш кўзда тутилади;

◾️ Экстремизмга қарши кураш — муросасизлик, ирқий нафрат, сепаратизм ва терроризмга қарши қўшма чоралар кўрилади;

◾️ Бедарак йўқолганлар масаласи — томонлар бедарак йўқолганларнинг тақдирини аниқлаш, маълумот алмашиш, жасадларни қайтариш ва тергов ўтказишни мажбурият сифатида олади;

◾️ Ҳамкорлик — иқтисодиёт, транспорт, экология, гуманитар ва маданий соҳаларда алоҳида келишувлар тузилиши мумкин;

◾️ Ижрони назорат қилиш бўйича қўшма комиссия — келишувнинг бажарилишини назорат қилиш учун икки томонлама орган тузилади;

◾️ Низоларни ҳал қилиш — барча низоларни музокаралар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилинади, агар 6 ой ичида натижа бўлмаса, бошқа тинч йўллар билан ҳал қилинади;

◾️ Даъволарни қайтариб олиш — келишув кучга киргандан кейин бир ой ичида томонлар ўзаро ва халқаро судларга оид барча эски даъволар, шикоятлар ва низоларни қайтариб олади;

◾️ Келишувнинг кучга кириши — ички тартиб-таомиллар якунланганини тасдиқловчи ҳужжатлар алмашилганидан сўнг тинчлик келишуви БМТда рўйхатга олинади ва кучга киради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: