АҚШ президенти пойтахтдан уйсизларни ҳайдашга қарор қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп пойтахт Вашингтондаги уй-жойсиз фуқароларни шаҳар ҳудудидан чиқариб юбориш режасини маълум қилди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Трампнинг сўзларига кўра, пойтахт хавфсизлиги ва кўркамлигини ошириш мақсадида уйсизларга шаҳар ташқарисида яшаш учун жой ажратилади, жиноят содир этган шахслар эса қамоққа юборилади. Президент буни “яқин вақт ичида амалга ошириладиган чора-тадбир” сифатида таъкидлади.
Аввалроқ Трамп Вашингтонда жиноятчилик даражаси ортгани сабабли шаҳарга Миллий гвардия кучларини киритиш эҳтимолини билдирган эди. CNN маълумотига кўра, АҚШ иммиграция ва божхона хизмати, Федерал қидирув бюроси, Миллий гвардия ҳамда Ички хавфсизлик вазирлиги пойтахтга кучлар жойлаштириш бўйича тайёргарлик кўрсатмасини олган.