Озарбайжон Россияни айблади

Озарбайжон Россияни айблади

Озарбайжон ҳукумати Россияни мамлакатнинг Украина ҳудудидаги объектларига қасддан зарба беришда айблади. Бу масала Озарбайжон ва Украина президентлари Илҳом Алиев ҳамда Владимир Зеленский ўртасидаги телефон сўзлашувида муҳокама этилган.

Бу ўринда гап SOCAR компаниясининг (Озарбайжон) Украина ҳудудидаги нефть-газ объектлари ва газ компресс станцияларига қарши ҳужумлар ҳақида кетмоқда.

Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабарига қараганда, Алиев ва Зеленский Россия ҳужумларига қарамай, Боку ва Киевнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги давом этишини таъкидлаган.

Зеленский Озарбайжон президентига Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирган.

Маълумот ўрнида: 6 августга ўтар кечаси Россия томони Одесса вилоятидаги “Орловка” газ компрессор станциясига дронлар орқали зарба берган. Озарбайжон газини Украинага етказишда муҳим ўрин тутувчи иншоотга ҳужум уюштирилиши Боку томонидан “қасддан қилинган ҳаракат” деб баҳоланмоқда.

Россия армияси 8 августга ўтар кечаси ҳам Одессадаги SOCАR омборига дрон ҳужуми уюштирган.

Ушбу ҳужумлар ортидан, 11 август куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Украинага инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида 2 миллион доллар ажратиш тўғрисида фармойиш имзолаган. Мазкур маблағ Украинага электр ускуналари етказиш учун сарфланиши кутилмоқда.

Россиянинг Украинага қарши босқини бошланган 2022 йилдан буён Боку Киевга бир неча марта инсонпарварлик кўмаги жўнатди.

Озарбайжон томони Украинани тиклаш учун 10 миллион доллардан кам бўлмаган кўмак ажратишини ҳам маълум қилган.

Озарбайжоннинг Украинадаги объектлари Москва томонидан нишонга олиниши манзарасида Боку янада кескин қадамлар қўйиши мумкин.

“Caliber” нашрининг ёзишича, Озарбайжон ҳукумати Украинага қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган эмбаргони бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Таъкидланишича, Москва Боку манфаатларига қарши “тажовузкор сиёсат”ни давом эттирса, ушбу чеклов бекор қилинади.

Сўнгги вақтларда Москва ва Боку орасига совуқчилик тушган. Бунга Россияда озарбайжон диаспорасига мансуб фуқароларнинг оммавий ҳибсга олиниши, ўтган йил охирида рўй берган авиаҳалокат сабаб бўлган.

Таҳлилчилар тобора геосиёсий жиҳатдан мустақил сиёсат юритишга уринаётган Озарбайжон Россиянинг “катта оғалик” қилишига ортиқ тоқат қилмаслигини айтмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: