Тошкент ва Наманганда одамларни Польша ва Канадага ишга жўнатмоқчи бўлганлар ушланди

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан катта миқдорда пул талаб қилган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида бир фуқаро уч нафар танишига Польшага иш визаси олишда ёрдам беришини билдирган ва бунинг эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилган. У маблағни олаётган вақтида қўлга олинган.
Шу каби ҳолат Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ҳам қайд этилди. Бу ерда айбланувчи икки фуқарони Канадага ишлашга юборишни ваъда қилиб, 3 минг доллар сўраган. У ҳам пулни қабул қилиш жараёнида ушланган.
Ҳар икки воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга суиқасд) ҳамда 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши очилди. Тергов ишлари давом этмоқда.