Германия Исроилга ҳарбий сувости кемаси етказиб бермоқчи

Германия Исроилга ҳарбий сувости кемаси етказиб бермоқчи

Германия Исроилга янги сувости кемасини етказиб беришини маълум қилди. Қарор Берлиннинг яҳудий давлатига қурол экспортини қисман тўхтатиш эълонидан бир неча кун ўтиб қабул қилинмоқда. Бу ҳақда Middle East Моnitor хабар берди.

“Thyssenkrupp” немис компанияси раҳбарияти бу режа ҳақида 8 август куни бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилган. Бироқ экспорт лицензиясининг қачон берилгани номаълум.

Германия Иқтисодиёт вазирлиги бу масалада изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Мазкур сувости кемасини харид қилиш шартномаси дастлаб 2012 йилда имзоланган эди. Федерал хавфсизлик кенгаши 2023 йил декабрида техникани етказиб беришга рухсат берган.

“ИНС Дракон” номли кема Болтиқ денгизидаги Рюген ороли яқинида синов тариқасида сузганди. У эндиликда Исроилга етказиб берилаётган олтинчи “Дельфин” туридаги сувости кемаси бўлиб, қиймати қарийб 500 миллион евро (585,8 миллион доллар)ни ташкил этади. Германия бу харид учун 135 миллион евро миқдорида молиявий ҳисса қўшган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: