Исроил ғазоликларни Жанубий Суданга кўчирмоқчи

Исроил бош вазири Ғазо аҳолисининг катта қисмини кўчириш ғоясини “ихтиёрий миграция” деб атамоқда.
Исроил Ғазодаги фаластинликларни Жанубий Суданга кўчириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. CNN хабарига кўра, бу режа Исроилнинг ҲАМАСга қарши 22 ойлик уруши оқибатида вайронага айланган ҳудуддан оммавий эмиграцияга кўмаклашиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трамп илгари сурган Ғазо аҳолисининг катта қисмини кўчириш ғоясини амалга ошириш истагини билдирди ва буни “ихтиёрий миграция” деб атади. Шунингдек, Исроил Африканинг бошқа давлатларига ҳам фаластинликларни кўчириш бўйича ўхшаш таклифларни илгари сургани маълум қилинди.
“Менимча, тўғри қарор, ҳатто уруш қонунларига кўра ҳам, мен билганимдек, аҳолининг кетишига рухсат бериш ва кейин у ерда қолган душманга бор куч билан ҳужум қилиш имконини беради”, — деди Нетаняҳу Исроилнинг и24 телеканалига берган интервьюсида.
Бироқ, фаластинликлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва халқаро ҳамжамиятнинг аксарият қисми бу ташаббусни халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда мажбурий кўчириш режаси сифатида кескин рад этмоқда.
Жанубий Судан Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Исроил билан фаластинликларни кўчириш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб атади.
АҚШ Давлат департаменти вакили эса шахсий дипломатик суҳбатларга изоҳ беришдан бош тортди.