Суданда вабо эпидемиясидан 40 киши вафот этди

Суданнинг Дарфур минтақасида сўнгги йиллардаги энг йирик вабо (холера) эпидемияси юз бермоқда. Хусусан, охирги бир ҳафта ичида мамлакатда 40 киши ушбу касалликдан вафот этди. Бу ҳақда “Чегарасиз шифокорлар” (MSF) ташкилотига таяниб, Al Arabiya хабар берди.
Ташкилотнинг 14 август куни берган баёнотига кўра, урушдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд — Дарфур сўнгги бир йил ичида бошланган холера тарқалишидан энг жиддий талафот кўрмоқда. Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида MSF жамоалари 2 300 дан ортиқ беморни даволаган ва 40 ўлим ҳолатини қайд этган.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил августидан бери бутун мамлакат бўйлаб 99 700 дан ортиқ гумон қилинган холера ҳолати ва 2 470 ўлим қайд этилган.
Вабо нажас орқали ифлосланган озиқ-овқат ёки сув орқали юқади. У кучли диарея, қусиш ва мушак тортишишини келтириб чиқаради ҳамда даволанмаган тақдирда бир неча соат ичида ўлимга олиб келиши мумкин.
MSF уруш сабаб миллионлаб аҳолининг уйини тарк этишга мажбур бўлиши ва тоза ичимлик суви танқислиги эпидемияни янада кучайтирганини таъкидламоқда.
Ҳатто яқинда бир лагердаги қудуқдан одам жасади топилган, бироқ икки кундан сўнг одамлар яна ўша сувни ичишга мажбур бўлган.
Кучли ёмғирлар сув манбаларини янада ифлослантириб, канализация тизимларини ишдан чиқармоқда.