Хитой ва Ҳиндистон 5 йиллик танаффусдан сўнг савдо алоқаларини тиклашга киришди

“Bloomberg” хабарига кўра, Хитой ва Ҳиндистон 2020 йилдан бери тўхтаб қолган савдо алоқаларини тиклаш бўйича музокараларга киришган. Ўша йили икки давлат чегарасида содир бўлган тўқнашувлар бир неча аскар ҳаётига зомин бўлган, шунингдек, пандемия сабаб муносабатлар янада совуқлашганди.
Ҳозирги мулоқотлар икки мамлакатнинг ўзаро иқтисодий алоқаларни қайта йўлга қўйишга бўлган қизиқишини кўрсатмоқда. Хусусан, энергетика, технология ва хомашё таъминоти каби соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида тилга олинмоқда.
Бу жараён АҚШнинг Хитой ва Ҳиндистонга қарши савдо божларини ошириши ва иқтисодий босим ўтказиши фонида кечмоқда. Мутахассислар фикрича, икки йирик қўшни давлат ўзаро ҳамкорликни кучайтириш орқали ташқи босимларга қарши иқтисодий барқарорликни таъминлашни мақсад қилмоқда.
Экспертлар, шунингдек, ушбу музокаралар минтақадаги геосиёсий мувозанатга таъсир кўрсатиши, Жанубий Осиё ва Осиё-Тинч океани ҳудудидаги кучлар нисбатини ўзгартириши мумкинлигини таъкидламоқда.