Алиментдан қарзи бор ота ўз хатосини суд залида тушуниб етди

Орзу-умидлар билан оила қуриб, фарзандли бўлишган айрим ёш ота-оналар фарзанддай улуғ неъматга шукрона келтириш ўрнига, арзимаган оилавий келишмовчиликларни баҳона қилиб, фарзандларини тирик етим бўлишига сабабчи бўлишмоқда.
Оталик катта масъулият, нафақат фарзандлар тарбиясида, балки оилани бошқариш ва моддий таъминлаш ҳам эркак кишининг зиммасида.
Орамизда шундай оталар ҳам борки, фарзандлари ҳақида умуман ўйламай қўйишган, гўёки болалари ўз-ўзидан катта бўлиб қолаётгандек.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 03.06.2015 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор С.Р.дан ундирувчи М.Ж.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунига қадар иш ҳақи ва бошқа топган даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор томонидан алимент пуллари тўланмагани сабабли, 40,9 млн. сўм қарздорлик тўпланиб қолган.
Қарздор С.Р.га нисбатан Бюронинг Боғот туман бўлими томонидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Боғот туман судига юборилган ва ушбу суднинг 11.08.2025 йилдаги қарори билан қарздор С.Р.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маъмурий қамоқдан тўғри хулоса чиқарган қарздор ота ундирувчи М.Ж. фойдасига 2022 йил март ойидан ҳозирги кунга қадар йиғилиб қолган 40,9 млн. сўм алимент қарзини тўлиқ тўлаб берди.
Шу ўринда, барча алимент тўловчилардан тўлов интизомига риоя этиб қолишларини сўраймиз. Зотан, алимент тўловлари моддий ёрдамга муҳтож фарзандларнинг униб-ўсиши, келажаги учун бериладиган маблағлардир.