АҚШ ва Туркиядан қидирувдаги тўрт нафар шахс Ўзбекистонга депортация қилинди

Ўзбекистон Республикаси Интерпол Миллий марказий бюроси халқаро қидирувда бўлган жиноятчиларни мамлакатга қайтариш бўйича муҳим амалиёт ўтказди. Ушбу чора Интерполнинг Тошкент ва Анқара Миллий марказий бюролари, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, шунингдек АҚШ ва Туркия ваколатли органлари билан олиб борилган самарали ҳамкорлик натижасида амалга оширилди.
Ўзбекистон фуқароларидан иборат қидирувдаги шахслар солиқ тўлашдан бўйин товлаш, йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда. Улар бўйича олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Амалиёт доирасида АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси ходимлари ҳамроҳлигида икки нафар шахс Нью-Йоркдан Тошкентга, яна икки нафар шахс эса Истанбулдан Ўзбекистонга олиб келинди. Қидирувдаги жиноятчилар Интерпол Миллий марказий бюроси ва ҳудудий ички ишлар органларига топширилиб, кейинги тергов жараёнлари бошланди.