Ўзбекистонда 6 хил товар учун эко-йиғим жорий этилади

Ўзбекистонда 6 турдаги товар учун экологик йиғим жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 14 август куни президентга тақдим этган режасида кўрсатилган.
«Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасига кўра, эко-йиғим қуйидаги товарларга жорий этилиши мумкин:
– батарейка ва аккумуляторлар;
– транспорт воситалари;
– мойлаш материаллари;
– қадоқ маҳсулотлари;
– шиналар ва резина камералар;
– шиша маҳсулотлари.
Экологик йиғим миқдори қанча бўлиши хабарда айтилмаган.
Тақдимотга кўра, ҳозир чиқиндиларнинг катта қисми полигонларга юборилади, қайта ишлаш даражаси паст бўлиб, шиналар бўйича 17 фоиз, шиша бўйича 6,3 фоиз, пластмасса бўйича эса 11,2 фоизни ташкил этади.
Йиллик ҳосил бўладиган чиқинди ҳажми пластмасса бўйича 1,8 миллион тонна, электрон чиқинди — 144 минг тонна, шиша — 647 минг тонна, мой — 250 тонна ва резина бўйича 217 минг донани ташкил қилади. Шунингдек, 2035 йилга қадар электр чиқиндилар ҳажми 10 минг тоннага ортиши кутилмоқда.