Ўзбекистонда кунлик иш ҳақи тўлаш тартиби жорий этилади

Мамлакатда иш берувчиларга ходимлар меҳнати учун кунлик тўлов йўлга қўйилади. Бу 2025 йил 12 августдаги якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга қулай шароит яратишга оид президент қарорида белгиланган.
Қарор асосида Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари мослашувчанлигини ошириш назарда тутилмоқда. Жумладан, айрим талабларга жавоб берадиган ходимлар меҳнати учун кунлик тўлов механизми тажриба тариқасида жорий этилади. Янги қоида “шу куннинг ўзида” деб номланади.
Иш ҳақини кунлик олиши мумкин бўлган ходим билан электрон меҳнат шартномаси тузилган бўлиши керак. Ходимдан рақамли платформаларда электрон ҳамёнга эгалиги ҳам талаб этилади. Шу билан бирга, солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни ўз ичига олган солиқ интизомига қатъий риоя қилиниши зарур.
Мазкур механизм ихтиёрий асосда жорий этилади ва иш берувчини махсус ҳуқуқий режим доирасидан ташқаридаги меҳнат қонунчилигининг бошқа қоидаларига риоя этишдан озод этмайди.
Қарорга биноан рақамли платформа оператори ходимларга “шу куннинг ўзида” механизми бўйича иш ҳақи тўлаш учун тўлов воситаларини тақдим этади. Механизм самарали ишлаши учун давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциялашув таъминланади.
Қарор билан 2026 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби бекор қилинади.
Эндиликда даромади 100 миллион сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам айланмадан олинадиган солиқ тўлайди.
Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.