Ичак инфекциялари хасталикларидан қандай даволаниш ва сақланиш мумкин?

Ичак инфекциялари хасталикларидан қандай даволаниш ва сақланиш мумкин?

☀️ Ҳар бир мавсумнинг ўз касалликлари бор, десак хато бўлмайди. Масалан, ёз ойларида ичак инфекциялари боис келиб чиқадиган дизентерия, сальмонеллёз, ротавирус ҳамда офтоб уриши ва тери касалликлари кўпроқ кузатилади.

🔬 Улар орасида энг кўп учрайдиганлари ичак инфекцияларидир. Хўш, бу хасталиклар қайси белгилар орқали намоён бўлади, асосан неча ёшдаги инсонларда кузатилади ва олдини олиш учун нималарга эътибор бериш керак?

💬 — Ичак инфекциялари сабаб келиб чиқадиган дизентерия, сальмонеллёз, ротавирус ошқозон-ичакни зарарлайдиган юқумли касалликлар ҳисобланади,— дейди Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Тожиев. — Улар турли микроблар — бактерия ва вируслар таъсирида пайдо бўлади.

📌 Бундай касалликлардан болалар, қариялар, иммунитети паст ҳамда гигиена қоидаларига амал қилмайдиган инсонлар кўпроқ азият чекади.

🩺 Кези келганда симптомлар ҳақида кенгроқ тўхталсак, мақсадга мувофиқ бўлади:

1⃣-белги — ич кетиши:

👉 дизентерияда қон ва шилимшиқ аралашган суюқлик кетиши кузатилади;

👉 сальмонеллёзда сувли ич кетиши билан бирга, иситма ва қайт қилиш ҳам бўлиши мумкин;

👉 ротавирусда сувли, кўпикли ич кетиши ва қусиш ҳолатлари кузатилади.

2⃣-белги — қайт қилиш:

👉 кўнгил айнийди;

👉 бемор тез-тез қусади.

3⃣-белги беморларда иситма ва ҳолсизланиш яққол сезилиб туради.

🔎 Бундай касалликлардан даволаниш ва улардан сақланиш йўлларини ҳам билиш ниҳоятда муҳим.
🚑 Энг аввало, беморларга тиббий ёрдам кўрсатилиши талаб этилади. Яъни шифокор кўриги зарур. Негаки, болаларда сувсизланиш хавфи анча юқори бўлади.

🫗 Бу ҳолатда кўпроқ суюқлик ичиш тавсия қилинади. Чунки, кўп суюқлик ичиш (сув, чой, махсус регидратация эритмалари) жуда муҳим саналади.

🥙 Парҳезга амал қилиш — осон ҳазм бўладиган овқатларни тановул этиш ҳам фойдали ҳисобланади.

💊 Антибиотикларни эса фақат шифокор тавсияси билан қўллашни умуман эсдан чиқармаслик зарур.

🧴 Бу ҳолатда гигиена қоидаларига амал қилиш — қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, озиқ-овқат маҳсулотларини тоза сақлаш ҳам фойда келтиради.

🫖 Қолаверса, тоза сувдан фойдаланиш ва уни қайнатиб ичиш ҳамда овқатни яхшилаб пишириш ҳам қўл келади.

💉 Ушбу касалликларга қарши эмлашга келадиган бўлсак, фақат ротавирус бўйича шундай амалиёт мавжуд, холос.

‼️ Умуман, ичак инфекциялари касалликлари кузатилган ҳолатларда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш энг тўғри йўлдир.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: