Европа Иттифоқи ва Британия раҳбарлари Трампнинг Украина бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади

Европа Иттифоқи давлатлари ва Буюк Британия раҳбарлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинада урушни тугатиш ва адолатли ҳамда барқарор тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Report Европа бюроси хабар берди.
Қўшма баёнотда таъкидланишича, кейинги қадам Украина президенти Владимир Зеленский иштирокида янги музокаралар бўлиши керак. Яқин кунларда Трамп ва Зеленский учрашуви режалаштирилган.
Ҳужжатга Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта, Франция президенти Эммануэль Макрон, Финляндия президенти Александр Стубб, Италия бош вазири Жорджия Мелони, Польша бош вазири Дональд Туск, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерц имзо чеккан.
Баёнотда таъкидланишича:
Украина, АҚШ ва Европа иштирокида уч томонлама саммит ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Киев ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун қатъий хавфсизлик кафолатларини олиши керак.
АҚШ бундай кафолатларни беришга тайёр экани билдирилди.
Украина қуролли кучларига чекловлар қўйилмаслиги, Россия эса Украина йўлини ЕИ ёки НАТОга томон тўсиш ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳеч бир халқаро чегара куч йўли билан ўзгартирилмаслиги ва ҳудуд масаласида қарор фақат Украина томонидан қабул қилиниши мумкинлиги урғуланди. Ғарб давлатлари Украинага кўмак беришни давом эттиришини ва Россияга қарши санкцияларни кучайтираверишини маълум қилди.