Тошкентда ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро чиқди

Тошкентда ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида можаро чиқди

Фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, воқеа жойидан яширинмоқчи бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, ички ишлар органлари ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги можаро акс этган видео юзасидан Тошкент шаҳри ИИББ.си томонидан расмий муносабат билдирилди.

Жорий йилнинг 16 август куни соат 21:40 атрофида Олмазор тумани Қора қамиш 1/3 даҳасида хизмат олиб бораётган профилактика инспектори Ш.Қурбонов ва патрул-пост хизмати инспектори А.Мамадалиев уч нафар фуқаронинг автомашина ойнасидаги қорайтирилган плёнкани ечаётганини кўриб, текширув ўтказган.

Суриштирув давомида 2005 йилда туғилган У.М. автомобилга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатиб воқеа жойидан яширинмоқчи бўлган. Ходимлар уни қўлга олиб, Олмазор тумани ИИО ФМБга олиб борган.

Кейинчалик текширув натижасида автомобиль У.М.нинг акаси Р.М.га тегишли экани аниқланган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 ва 195-моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун туман судига юборилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: