Чехия тезликни 150 км/соатгача чекламоқчи

Чехия тезликни 150 км/соатгача чекламоқчи

Чехияда автомобиль йўлининг бир қисмида рухсат этилган тезликни тажриба тариқасида ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Bild.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Табор ва Ческе-Будеивице шаҳарлари оралиғидаги 50 километрлик йўлда ҳайдовчилар 150 км/соатгача тезлашиши мумкин бўлади.

Янги тезлик тартибини синов тариқасида жорий этиш сентябрь ойининг охирига мўлжалланган. “150 км/соат” чекловли электрон белгилар фақат қулай об-ҳаво шароитида ва йўллар бўш бўлганда фаоллаштирилади. Ёмғир, қор ёки бошқа ноқулай об-ҳаво шароитларида тизим автоматик равишда рухсат этилган тезликни 20 км/соатга пасайтиради.

Ҳозирда Чехия автомобиль йўлларида умумий тезлик чегараси 130 км/соатни ташкил этади. Таъкидлаш жоизки, бундай тажрибалар Европада аввал ҳам ўтказилган: Австрияда Вена ва Зальцбург оралиғида 2018 йилдан 2020 йилгача 140 км/соатгача бўлган чекловлар синовдан ўтказилган, бироқ лойиҳани ўша пайтдаги иқлим ишлари вазири Леонора Гевесслер карбонат ангидрид чиқиндилари кўпайиши билан боғлиқ хавотирлар туфайли тўхтатган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: