Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлигини қайта тиклаш лойиҳасига тамал тоши қўйилди

Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Мозори Шариф ҳокими Абдулраҳмон Ҳемматнинг таъкидлашича, Навоийнинг анча хароб ва кўримсиз ҳолга келиб қолган ёдгорлигини қайта тиклаш юзасидан шаҳар ҳокимлиги қарори қабул қилинган.
«Янгидан барпо этиладиган мажмуа учун катта ер майдони ажратилди, унда Навоийнинг таржимаи ҳоли, ҳаёт йўли, давлат арбоби сифатида амалга оширган хайрли ишлари акс эттирилган лавҳа ўзбек, инглиз, дари ва пушту тилларида ўрнатилади, шунингдек, кутубхона ташкил этилади», — деди Ҳеммат.
Ёдгорлик-мажмуа қурилиши шаҳар ҳокимлиги бюджетидан молиялаштирилади ва бир ой муддатда қуриб битказилиши режа қилиняпти.