Польша Ғарбий соҳилдаги Исроил посёлкаларини қуришга қарши чиқди

Польша Ғарбий соҳилдаги Исроил посёлкаларини қуришга қарши чиқди

Польша Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ғарбий соҳилда яҳудийлар учун янги посёлка қуриш қарорини кескин қоралаб, бу ҳаракатни халқаро ҳуқуқни бузиш деб атади.

Польша Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги E1 ҳудудида янги посёлка қуриш режасига қатъий қарши эканини билдирди.

Вазирлик баёнотида қайд этилишича, Варшава Исроил ва Фаластин ўртасидаги низони 1967 йилги чегаралар асосида тинч йўл билан ҳал этилишини қўллаб-қувватлайди.

«Биз E1 ҳудудида янги яҳудий посёлкалари қуриш режасига қатъий қарши чиқамиз. 2025 йил 20 август куни Исроил ҳукумати томонидан қабул қилинган қарор — халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилиши,» — дейилади Польша ТИВ баёнотида.

Варшава шунингдек, Исроилни «ноқонуний посёлкалар ҳаракати»ни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди ва фаластинлик аҳолига қарши қилинган ҳар қандай зўравонлик ҳаракатларини қоралашини алоҳида таъкидлади.

Польша ташқи сиёсат идораси ЕИ дипломатлари ва Европа ҳамкорлари билан доимий алоқада эканини, ва Исроил ҳаракатларига нисбатан умумий муносабат ишлаб чиқиш устида иш олиб бораётганини билдирди.

E1 лойиҳаси — Ғарбий соҳилни шарқий Қуддусдан узиш ва фаластин ҳудудини бўлиш мақсадини кўзлайди. Бу режа 2012 ва 2020 йилларда АҚШ ва Европа босими остида музлатилган эди. Аммо 2025 йил августда Исроил ҳукумати уни қайта фаоллаштиришини эълон қилди.

Бу қарор Европада танқидлар тўлқинини келтириб чиқарди. Германия ва Италия лойиҳага қарши чиқди, Буюк Британия эса Исроил элчиси Ципи Хотoвелини тушунтириш учун чақирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: