Ғазода очарчилик юзага келгани расман тасдиқланди

БМТ агентликлари, инсонпарварлик ташкилотлари ва бир қанча мамлакатлар ҳукуматларини бирлаштирган глобал ташаббус (IPC) шундай хулосага келди. IPC нинг мақсади маълум бир минтақада очарчилик мавжудлигини аниқлаш, унинг моҳиятини очиқлаш ва уни бартараф этиш бўйича ечимларни таклиф қилишдир.
Жума куни ташкилот тегишли ҳисоботини эълон қилди, унда Ғазо секторида очарчилик сунъий равишда яратилгани, яъни уни исталган вақтда тўхтатиш мумкинлиги айтилади. Бу Яқин Шарқ минтақасида биринчи марта очарчилик расман тасдиқланган ҳолат ҳисобланади.
IPC маълумотларига кўра, секторда камида ярим миллион одам аллақачон очлик, қашшоқлик ва ўлимга дуч келган. Сентябр ойи охирига келиб, очарчилик Дайр ал-Балаҳ ва Хон Юнис ҳудудларига ҳам кенг тарқалиши мумкин.
IPC бир неча кун ичида бутун Ғазо сектори бўйлаб очликдан ўлим ҳолатларининг кўпайиши хавфидан огоҳлантирди.
«Мунозара ва иккиланиш вақти ўтди, Ғазода ҳақиқатан ҳам очарчилик мавжуд ва у жуда тез тарқалмоқда. Шошилинч ва кенг кўламли жавоб чоралари зарурлигига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги керак. Ҳар қандай кечикиш, ҳатто у бир неча кунга бўлса ҳам, очлик билан боғлиқ ўлимларнинг мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган даражада ўсишига олиб келади», дейилади ҳисоботда.
Гуманитар ёрдам учун масъул бўлган Исроилнинг Ҳудудлардаги Ҳукумат Фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Қўмитаси (COGAT) IPC хулосалари «ҲАМАС томонидан тақдим этилган тўлиқ бўлмаган ва нохолис маълумотларга» асосланган дея муносабат билдирди.