ШҲТ саммитида 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этади

Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида 20 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этади.
Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири ёрдамчиси (вазир ўринбосари даражасидаги) Лю Бинь матбуот анжуманида маълум қилди.
“Хитой раиси Си Цзиньпин Хайхэ дарёси бўйида 20 дан ортиқ хорижий давлат ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, ШҲТнинг муваффақиятли тажрибасини сарҳисоб қилади, уни ривожлантириш ва қайта қуришга кўмаклашади, ҳамкорлик ва биргаликда иш олиб бориш учун унинг иштирокчиларини бирлаштиради”, деди дипломат.
Унинг таъкидлашича, саммитда Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Монголия Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Камбоджа Бош вазири Хун Манет, Мальдив Президенти Муҳаммад Муиззу, Непал бош вазири Шарма Оли, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Миср Бош вазири Мустафо Мадбули, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Индонезия Президенти Прабово Субианто, Лаос Президенти Тхонглун Сисулит, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ва Вьетнам Бош вазири Фам Минь Чинь келишади.
Тадбирга халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тузилмалар раҳбарлари, жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таклиф этилган, деб хабар берди tass.ru.