Тожикистон фуқароси Россияга исириқ олиб ўтгани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Тожикистон фуқароси Россияга исириқ олиб ўтгани учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди

Тожикистон Бош прокуратураси фуқароларни Россия Федерациясига исириқ олиб ўтиш учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирмоқда.

Россияда икки нафар Тожикистон фуқароси мамлакатга исириқ (гармала) олиб киришга уринганликда айбланиб судга тортилди. Улардан бири суд томонидан 8 йилга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар бермоқда Тожикистон Бош прокуратураси.

Бошқарма баёнотида айтилишича, аёллар ушбу ўсимликни “шахсий ва тиббий мақсадларда” олиб киришга уринган, бироқ Россия аэропортларида ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

Аёллардан бирига гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадини кўзламай сақлаш, ташиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми), шунингдек, таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни Россия божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 3-қисми) бўйича айблов қўйилган.

“Тергов якунлангач, жиноят иши судга юборилиб, суд судланувчини 8 йилга озодликдан маҳрум қилди”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳибсга олинган иккинчи аёлнинг тақдири ҳақида хабар берилмаган.

Бош прокуратура Тожикистон фуқароларини исириқни Россияга олиб ўтиш ва бу давлатда ишлатишдан огоҳлантирмоқда.

Бошқарманинг таъкидлашича, “10 донадан ортиқ исириқ”ни ташиш ва сақлаш учун ҳуқуқбузар 1 миллион рубль миқдорида жарима тўлаши ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

2024 йил февраль ойида гармала Россияда ноқонуний муомалада бўлган, сақлаш ва истеъмол қилганлик учун юқори жарима ёки қамоқ жазоси назарда тутилган гиёҳвандлик ўсимликлари рўйхатига киритилган, деб хабар берди asiaplustj.info.

Дўстларингизга ҳам юборинг: