Тошкент вилоятида аварияга учраган юк машинаси ёниб кетди

23-август куни соат 07:00 атрофида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, A373 “Тошкент–Ўш” автомобиль йўлининг 4-километрида цемент ташишга мўлжалланган Howo русумли юк автомобили рул бошқарувини йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган Cobalt автомобилига бориб урилган.
Зарба натижасида Cobalt ағдарилиб кетган, юк машинасида эса ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса вақтида Cobalt ичида бўлган бир нафар йўловчи тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани Ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкент шаҳрининг Янгиҳайот туманида 10 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилганди.