Мактабларда ўқиш 2 сентябрдан бошланади

Республика бўйлаб барча умумтаълим мактабларида янги – 2025/2026-ўқув йили дарс жараёнлари жорий йилнинг 2 сентябридан (сешанба куни) бошланади. Бу ҳақида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мактаблардаги ўқув жараёнининг биринчи дарс соатларида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Келажак соати” дарслари ўтказилади.
Шунингдек, жорий йилда биринчи синфга қабул қилинадиган 738 минг нафардан ортиқ ўқувчига 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” тантанали топширилади.
Маълумот учун, янги ўқув йили лицей ўқувчилари ва ОТМларнинг 1-курс талабалари учун 3-сентябрдан, юқори курс талабалари учун 8-сентябрдан бошланади.