Туркияда 13 ёшли ўзбекистонлик бола опасининг севгилисини пичоқлади

Туркияда 13 ёшли ўзбекистонлик бола опасининг севгилисини пичоқлади

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик вояга етмаган бола оғир жиноят содир этди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, 13 ёшли С.Т. исмли бола опасининг севгилиси — 26 ёшли Муҳаммад Ў.га уй олдида пичоқ билан зарба берган. Воқеа 22 август куни кечки соат 21:30 да ўзбекистонликлар кўп яшайдиган Оқсарой мавзесида содир бўлган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўша куни Муҳаммад Ў. ва севгилисининг укаси ўртасида жанжал чиққан. Можаро тезда жанжалга айланиб, бола қўлидаги пичоқ билан йигитнинг чап кўкрак қисмига зарба берган. Оғир жароҳат олган Муҳаммад Ў. тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага етказилган. Шифокорлар унинг аҳволи жиддий эканини маълум қилишган.

Воқеа юз берган заҳоти С.Т. воқеа жойидан яширинган, бироқ орадан кўп ўтмай, полиция уни яқин атрофдаги боғдан қўлга олган.

Полиция ҳозирда ҳодиса бўйича тергов ишларини давом эттирмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бу каби оғир жиноятлар бўйича суд жараёнлари алоҳида тартибда кўриб чиқилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: