Алишер Усмонов Европа Иттифоқи Кенгашини судга берди

Таниқли тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳуқуқий ҳимояси Европа Иттифоқи (ЕИ) Кенгашига қарши судга даъво аризаси киритди. Даъво мазмунига кўра, ЕИ томонидан 2022 йилда тадбиркорга нисбатан қўлланган санкциялар оммавий ахборот воситаларидаги мақолаларга асосланган бўлиб, бу унинг шаъни ва обрўсига зарар етказган.
Euronews маълумотига кўра, Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётган медиа ҳуқуқшунос Йоахим Штайнхофел санкцияларни “туҳматга асосланган” деб баҳолаган ва ЕИ Кенгашини қонуний асосларни эътиборсиз қолдиришда айблаган.
“Европа Иттифоқи Кенгаши жаноб Усмоновнинг шахсий ҳуқуқларини поймол қилмоқда ва унинг обрўсига путур етказмоқда. Қонун устуворлиги тамойили амал қиладиган жамиятда ҳеч ким қонундан устун бўлиши мумкин эмас – на давлат, на халқаро ташкилот”, – деди Штайнхофел РБК нашрига.
Маълумот учун, Алишер Усмонов USM холдинги асосчиси бўлиб, унинг таркибига Металлоинвест, Мегафон каби йирик компаниялар киради. Forbes маълумотларига кўра, унинг бойлиги 16,6 млрд АҚШ долларини ташкил этади.
Усмоновнинг адвокатлари таъкидлашича, ЕИ Кенгаши тадбиркорни санкциялар рўйхатига киритишда Forbes ва бошқа нашрларда чоп этилган материаллардан фойдаланиб, уларнинг тўғрилигини текширмаган. Шу билан бирга, тадбиркор ушбу мақолаларга қарши бир неча суд жараёнида ғалаба қозонган. Жумладан, Forbes нашрига қарши суд қарорида Усмоновнинг Владимир Путиннинг “яқин одам”и ёки “бизнес муаммоларини ҳал қилувчи шахс” сифатида кўрсатилиши ёлғон деб топилган ва бундай баёнотларни тарқатиш тақиқланган.
Штайнхофелнинг билдиришича, ЕИ Кенгаши бу каби мақолаларни сўзма-сўз кўчириб, текширмасдан санкция асосига айлантиргани “қонуний жиҳатдан асоссиз”.
Тадбиркорнинг ўзи ҳам санкциялар унинг халқаро обрўсига катта зарар етказганини билдирган. У ўзини “олигарх” деб аташ нотўғри эканини, чунки у Россиядаги хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмаганини ва давлат ёрдами олмаганини қайд этган.
Euronews таъкидлашича, мазкур жараён ЕИ Кенгашига қарши туҳмат бўйича кўтарилган биринчи даъво бўлиши мумкин. Дастлаб даъво Гамбург судида киритилган, бирок ЕИ Кенгашининг дипломатик дахлсизлиги туфайли қабул қилинмаган эди. Эндиликда адвокат Германиянинг Карлсруэ Федерал судига мурожаат қилган.
Даъво мазмуни санкциялар рўйхатини бекор қилишга эмас, балки ЕИ томонидан тарқатилган туҳматга оид маълумотларни рад этишга қаратилган.