Роберто Карлос Одил Аҳмедов ва «Реал» ҳақидаги саволларга жавоб берди

Футзал бўйича Ўзбекистон Суперкубогига меҳмон сифатида таклиф этилган футбол афсонаси Роберто Карлос матбуот анжуманида иштирок этди. Майдондан ташқаридаги самимий мулоқотда у ҳам юртимиз футболига берган баҳо, ҳам ўзига яқин инсонлар ҳақида илиқ фикрларини баён этди.
Савол: Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ сардори Одил Аҳмедов билан “Анжи”да бирга ўйнагансиз. Ўша даврлардан қандай умумий хотиралар қолган?
Роберто Карлос: — Илиқ хотираларни ёдга туширган саволингиз учун катта раҳмат. Одил Аҳмедов жамоамизга келган пайтдаёқ унинг салоҳиятига амин бўлганман. Майдонни кўра билиши, ўйинни ўқиши, ташкил этиш қобилияти ва аниқ тўп узатишлари билан юқори даражадаги футболчи эканлигини исботлаган. Одил билан бирга тўп тепиш мен учун шараф бўлган. Одил билан яхши дўст, ўртоқ бўлиб қолганмиз. Кеча футзал учрашувини биргаликда ўтириб, томоша қилдик. У билан яна дийдорлашганимдан хурсандман.
Суперкубокка таклиф боис Ўзбекистонга келдим. Мамлакатингиз футболининг жуда тез, жадал ўсаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Барчангизни Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклайман. Бизни Тошкентга, ажойиб тадбирга таклиф этганликлари учун ЎФФ раҳбариятига миннатдорлигимни билдираман.
Савол: — Хаби Алонсо бошчилигида “Реал” қанчалик юксак натижаларни қайд эта олади?
Роберто Карлос: — Мен “Реал”нинг фахрий элчисиман. Кўп маълумот бера олмайман. “Реал” катта клуб. Ҳамиша юксак марраларни кўзлаб, улкан мақсад сари ҳаракат қилади. Бу жамоага ҳар бир мутахассис ҳар томонлама тайёр бўлиб келади. Хаби Алонсода ҳам катта иштиёқ бор. Биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Унга ишонамиз.
Қисқача айтганда, Роберто Карлоснинг нутқи иккита асосий мезонни ёритди: шахсий меҳр ва ҳурмат (Одил Аҳмедов билан боғлиқ хотиралар) ҳамда профессионал ёндашув («Реал»га хос катта мақсадлар, Хаби Алонсо фигурасига ишонч). Афсона фикрларидаги ушбу руҳ — Суперкубок кечасидаги кайфият каби — мухлисларга янги илҳом улашди.