Сентябрдан мактаб директорларининг ойлиги оширилади

Ўзбекистонда мактаблар ва боғчалар раҳбарининг ойлиги оширилмоқда. Бу жорий йил март ойида қабул қилинган президент фармонида кўзда тутилган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб мактаб директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизгa, мактаб директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилади.
Шунингдек, I ва II гуруҳга кирувчи боғча директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари тегишлича III ва IV гуруҳдаги мактаб директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади, яъни оширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб, мактабларнинг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.