Тошкентда ноқонуний цехда тайёрланган қалбаки дори воситалари дорихоналар орқали сотилгани аниқланди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яширин цех фаолияти фош этилди.
Маълум бўлишича, биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган МЧЖга тегишли манзилда қонунга хилоф равишда қалбаки дори воситалари тайёрланиб, шаҳар дорихоналари орқали сотувга чиқарилган.
Текширув жараёнида 11 дона дори ишлаб чиқариш станоклари, 21 дона қолип, умумий оғирлиги 389 кг бўлган кукун ва таблеткалар, “Raikal” маркали пневматик қурол ҳамда бошқа ашёвий далиллар топилди.
Шунингдек, МЧЖга тегишли яна бир манзилда ҳам яширин цех мавжуд бўлиб, ундан дори воситалари ишлаб чиқариш ускуналари, бўш капсулалар, қутилар, йўриқномалар ва хом-ашёлар аниқланди.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлик маркази” экспертизасига кўра, мазкур цехда “Урсосан 250 мг”, “Нейромидин 20 мг” ва “Фаниган” дори воситалари қалбакилаштирилган.
Тадбир давомида ушбу дориларни сотиш билан шуғулланган дорихона ҳам текширилди. У ердан “Фаниган”, “Азимак”, “Ципролет” каби 15 турдаги 1 067 қути қалбаки дори ҳамда 14 турдаги 274 қути муддати ўтган дори воситалари аниқланди.
Ҳозирда ноқонуний цех ташкилотчилари бўлган 3 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.