Украинада COVID-19 сабабли ниқоб режими қайта жорий этилди

Украинанинг бир нечта шаҳарларида COVID-19 инфекцияси тарқалиши фонида тиббиёт муассасаларида ниқоб режими қайта жорий этилди.
Маҳаллий ахборот воситаларининг хабар беришича, Ивано-Франковск марказий шаҳар клиник шифохонасида барча ташриф буюрувчилар ва тиббиёт ходимлари учун ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди. Аввалроқ шундай чоралар Ривне ва Одесса вилоятларидаги шифохоналарда ҳам татбиқ қилинганди.
Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказининг 2025 йил 25 августдаги маълумотларига кўра, мамлакат бўйича COVID-19 билан касалланиш кўрсаткичлари бир ҳафта ичида икки баробардан кўпроқ ошди. Фақат Киев шаҳрининг ўзида 1121 та янги ҳолат қайд этилган.
Мутаҳассислар ҳозирги вазият мавсумий фаоллик ва эҳтиёт чоралари бўйича сусткашлик билан изоҳланаётганини қайд этмоқда. Шу муносабат билан соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳимоя чораларини кучайтириш, жумладан ниқоб режими жорий этиш зарур бўлиб қолмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига қуйидагиларни қатъий тавсия қилмоқда:
– жамоат жойларида ниқоб тақиш,
– одам гавжум тадбирларда ижтимоий масофа сақлаш,
– қўл ювиш ва гигиена қоидаларига риоя қилиш,
– COVID-19 белгилари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш.