Вазирлик “Open budget” овоз бериш жараёнида фирибгарликдан огоҳлантирди

Вазирлик “Open budget” овоз бериш жараёнида фирибгарликдан огоҳлантирди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларида овоз бериш эвазига пул мукофоти таклиф этаётган норасмий Telegram-ботлар фаол бўлиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди. Вазирлик маълумотига кўра, бундай таклифларга алданаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда.

“Вазирликка юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Фуқаролар учинчи шахслар томонидан турли лойиҳаларга овоз йиғиш мақсадида пул ваъдаларини ишонган, бироқ кейинчалик ваъда қилинган маблағларни ололмаган”, — дейилади расмий баёнотда.

Расмий маълумотларга кўра, “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш фақат Очиқ бюджет портали openbudget.uz, Telegram’даги расмий бот, шунингдек, Android ва iOS тизимидаги расмий иловалар орқали амалга оширилади.

Вазирлик яна бир бор таъкидлади: “Ташаббусли бюджет” платформаларида берилган овозлар учун на тўлов талаб қилинади, на моддий мукофотлар назарда тутилади. Фуқаролардан шубҳали манбаларга ишонмаслик ва фирибгарликка учрамаслик сўралмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: